АҚШнинг Флорида штатидаги 3 та қамоқхонада маҳбуслар ўта оғир шароитларга тушиб қолган, хусусан, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти. Бунинг оқибатида лагерда 2 нафар маҳбус вафот этган. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Human Rights Watch ташкилоти 21 июль куни иммиграция қамоқхоналари борасида ҳисобот эълон қилди. Таҳлилий ҳисобот ташкилотнинг инқироз ва можаролар бўйича директори Belkис Уилл томонидан ёзилган. Унда “муҳожирларга ғайриинсоний равишда муносабатда бўлинаётгани” айтилган.
“Булар оддий ҳодисалар эмас. Қамоқхоналар жиддий суиистеъмолликлар билан тўлиб-тошиб, тизим тубдан бузилган”, деди Уилл.
Таъкидланишича, Флорида штатидаги 3 та муассасада, жумладан, Кроме, Броуард ва федерал қамоқхоналарида маҳбусларнинг тиббий эҳтиёжлари қондирилмаяпти. Эълон қилинган ҳисоботдаги барча маълумотлар ҳозирги ва собиқ маҳбусларнинг кўрсатмалари, уларнинг оила аъзолари, адвокатлар, Иммиграция ва божхона назорати маълумотларига асосланган. Хусусан, 3 та муассасада тиббий ёрдамга нисбатан масъулиятсиз ёндашув, жумладан, даволаниш ва дори-дармонлардан фойдаланишга рухсат берилмагани айтилган.
Апрель ойи охирида ҳибсдагилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабаб маҳбуслар қўриқчилардан ёрдам сўраган. Гаитилик 44 ёшли Мари Анж Блез оғриқ азобидан қичқиришни бошлаган. Аммо унга “шунчаки эътибор берилмаган”.
“Биз ёрдам сўраб бақира бошладик, аммо қўриқчилар бизни эътиборсиз қолдирди. Ярим соатдан кўпроқ вақт ўтгач, қутқарув гуруҳи келди. Аммо Мари ерда қимирламасдан ётарди”, деган воқеага гувоҳлардан бири.
Украиналик 44 ёшли маҳбус Максим Чернякнинг рафиқаси ҳам қамоқдаги воқеалардан бирини сўзлаб берди. Унинг айтишича, Максим шифокор сўраб, бир неча марта ходимларга мурожаат қилган бўлса-да, унга жавоб беришмаган. Эркак иситма, юрак соҳасидаги оғриқ ва бошқа симптомларни бошидан кечирган. Кейинчалик эса у қайт қила бошлаган.

Шундан сўнг қўриқчилар эркакни кўриб, уни ноқонуний синтетик гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда айблаган. Чернякнинг камерадоши эса бу даъволарни рад этган. Эркак олиб кетилиб, кўрикдан ўтказилганда унинг мияси аллақачон ишлашдан тўхтагани аён бўлган. Орадан 2 кун ўтгач, Чернякнинг ўлгани маълум қилинган.
Бу муаммолардан ташқари, қамоқхоналар маҳбуслар билан тўлиб кетгани ҳам айтилмоқда. Уларнинг баъзиларида сиғимдан икки баравар кўп маҳбуслар сақланмоқда. Шу сабаб муассасаларда кўрпа-тўшак, совун ва бошқа санитария воситалари етишмовчилиги юзага келган. Айрим маҳбуслар полда ухлашга мажбур бўлмоқда.
Шунингдек, Кроме қамоқхонаси фақат эркаклар учун мўлжалланган муассаса бўлишига қарамай, бу ерга аёллар ҳам олиб келиниб, жойлаштирилган. Улар эркакларга кўриниб турадиган очиқ ҳожатхоналардан фойдаланишга мажбур қилинган. Бундан ташқари, аёлларга душ қабул қилиш имкони ҳам берилмаган.
“Агар эркаклар стулга чиқса, бизнинг хонамиз ва ҳожатхонамизни кўра оларди. Ходимлардан душ қабул қилишга рухсат сўрадик. Лекин улар муассаса фақат эркаклар учун мўлжалланганини айтиб, бизга рухсат бермади”, деган аргентиналик аёл.
Бу ҳолатлардан ташқари, куч ишлатиш, кам озиқ-овқат, узоқ вақт кишанланиш ва ҳаддан ташқари иссиқ ва совуқ шароит муаммолари ҳам ҳисоботда санаб ўтилган. Жумладан, 6 кишига мўлжалланган хонада 30 дан 40 нафаргача одам сақланганини айтилган. Улар ҳожатхона сифатида челакдан фойдаланган.
Изоҳ (0)