Сўнгги йилларда кино саноатида эски фильмларнинг қайта талқин қилиниши асосий йўналишлардан бирига айланган. “Қаттиққўл хоним 2” бунинг энг шов-шувли мисолларидан бири бўлиб, мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Қуйида севимли фильмларни эслатиб юборадиган ремейклар, қайта ишга туширилган лойиҳалар ва франшизалар давоми ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.
“Қаттиққўл хоним 2”

Disney компанияси томонидан суратга олинаётган фильмда қатъий ва талабчан раҳбар, бош муҳаррир Миранда Пристли ролини ўйнаган актриса Мерил Стрип ва мода журнали ходими образини гавдалантирган Эмили Блант ўз ролларига қайтади.
Тахминларга кўра, фильмнинг кейинги қисмида Podium журнали муваффақиятсиз кунларни бошидан кечириши ҳақида ҳикоя қилинади. Унинг бош муҳаррири Миранда Пристли йирик люкс бренд билан реклама шартномасини имзолашни режалаштиради. Бунинг учун у ўзининг собиқ ёрдамчиси, ҳозирда ўша брендда етакчи лавозимни эгаллаб турган Эмилидан ёрдам сўрайди.
Актриса Энн Ҳетуэй ўз ролига қайтиш масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда, бироқ жорий йилнинг бошида у “Қаттиққўл хоним” фильмининг давоми суратга олиниши даргумон, деган фикрни билдирганди. Фильмнинг давоми бўйича музокаралар унинг режиссёри Девид Фрэнкэл томонидан олиб борилмоқда, сценарий муаллифи — Алин Брош Маккенна. Картинанинг премераси 2026 йил 1 майга мўлжалланган.
“Гарри Поттер”

Сўнгги йиллардаги энг шов-шувли рестарт — HBО томонидан тайёрланаётган “Гарри Поттер” сериалидир. Бу лойиҳа илк бор 2023 йилда эълон қилинган ва ҳозирда актёрлар таркиби устида иш олиб борилмоқда. Янги сериал машҳур сеҳргар ҳақидаги фильмлар сюжети асосида қурилади. Суратга олиш ишлари билан “Тахтлар ўйини” сериалини тақдим этган HBО компанияси шуғулланади. Шоу еттита китоб асосида суратга олиниб, етти мавсумдан иборат бўлади.
“Фантастик тўртлик: илк қадамлар”

Бу суперқаҳрамонлар жамоаси 2005- ва 2015 йилларда икки марта қайта экранлаштирилган. Биринчи версияда Ёнғин одам ролида Крис Эванс бўлган, иккинчисида эса жаноб Фантастик образини Майлз Теллер ижро этган. 2025 йил 23 июлда Marvel томонидан тақдим этиладиган навбатдаги ремейкда бош ролларни Педро Паскал, Ванесса Кирби, Жозеф Квинн ва Эбон Мосс-Бахрах ижро этади.
“Супермен”

2025 йил 11 июль куни катта экранларда намойиш этилган “Супермен” фильми DC Studios томонидан тақдим этилди. Унда Супермен эндигина ўз миссиясини англаётган ёш қаҳрамон сифатида тасвирланди. Бу галги ҳикоя одатдагидек Крйптондан Ерга келиш билан бошланмайди, балки қаҳрамоннинг аллақачон инсонлар орасида яшаб, ўз ўрнини излаётган палласи кўрсатилади.
Фильм танқидчилар ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. У 400 миллион доллардан ортиқ даромад келтирди ва DC оламининг янги босқичига ишончли кириш сифатида баҳоланди. Айниқса, бош қаҳрамон образининг янги авлодга мос талқини кўпчиликни ўзига тортди.
Яна бир қизиқарли жиҳат, “Супермен” намойишидан сўнг томошабинлар орасида бош қаҳрамоннинг ити Криптога бўлган қизиқиш ортиб, итларни боқиб олиш бўйича мурожаатлар сони кескин ошди.
“Қарға”

2024 йилда чиққан “Қарға” фильми танқидчилар эътиборидан четда қолмади. Улар бу фильмни 1994 йилги култ экран адаптацияси ва унда бош ролни ижро этиб, суратга олиш вақтида вафот этган актёр Брендон Лининг хотирасига ҳурматсизлик деб ҳисоблашди. Шунга қарамай, фильм намойиш этилди. Унда бош ролни Билл Скарсгард ўйнади.
“Қарға” фильми Жан ЎБаррнинг график романига асосланган, 1994 йилдаги афсонавий адаптациянинг замонавий талқини бўлиб, Рупорт Сандерс режиссёрлиги остида суратга олинган янги версиядир. Унда актёр Билл Скарсгард бош ролни ижро этди — у қасос олиш учун тирилган мусиқачи Эрик Древен ролида намоён бўлди.
“Вонка”

Барчага маълум: Вилли Вонка дунёдаги энг мазали шоколадни ишлаб чиқаради. Аммо у қандай қилиб ўз фабрикасини очишга эришди? Бу ҳақда 2024 йилда чиққан “Вонка” фильми ҳикоя қилади. Бу сафар бош ролни Тимоти Шаламе ижро этди.
“Вонка” фильми машҳур шоколад фабрикаси асосчиси Вилли Вонканинг ёшлик йилларини ҳикоя қилади. Картина аввалги ҳикоянинг давоми эмас, балки ундан олдинги воқеаларни, яъни Вонка қандай қилиб орзусидаги шоколад фабрикасини очишга қарор қилгани ҳақида ҳикоя қилади.
Бош ролни таниқли актёр Тимоти Шаламе ижро этган. У ёш ва орзуга тўла Вилли Вонка образини самимий ва ишонарли кўрсатган. Фильмда ғаройиб қаҳрамон Умпа-Лумпа образини машҳур британиялик актёр Ҳью Грант ижро этган.
Изоҳ (0)