“Челси” ҳужумчиси Николас Жексон ёзги трансфер ойнасида жамоани тарк этиши мумкин. The Sun нашрининг ёзишича, 25 ёшли сенегаллик футболчи “Наполи” ва “Милан” клубларининг таклифларини рад этиб, Англия Премер Лигасида қолишни афзал кўрмоқда.

Ҳозирда унга асосий даъвогар сифатида “Манчестер Юнайтед” кўрсатилмоқда. “Қизил иблислар” футболчини қўлга киритиш учун тахминан 80 миллион фунт стерлинг (92 миллион евро) тўлаши керак бўлади. Клуб ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида бир қатор трансферларни амалга оширган. Жумладан, “Брентфорд”дан Брайан Мбеумо ва “Вулверҳэмптон”дан Матеус Куня “Манчестер Юнайтед” билан шартнома имзолади. Жамоа бош мураббийи Рубин Аморим эса ушбу позициядаги рақобатни ошириш учун Жексонни ҳам харид қилиш тарафдори.
Маълумот ўрнида, ўтган мавсумда Николас Жексон “Челси” сафида 37 ўйинда майдонга тушиб, 13 гол ва 6 голли узатмага муаллифлик қилган. Бироқ Лиам Делапнинг келиши ва Жоао Педронинг самарали ўйини унинг жамоадаги келажагига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жексоннинг “Челси” билан амалдаги шартномаси 2033 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 50 миллион еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)