Россия Бош вазири Дмитрий Медведев 30 май куни Ўзбекистонга келади, деб хабар беради «Podrobno.uz».
Май ойи охирида Тошкентда Россия-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг ҳукумат раислари даражасидаги йиғилиши бўлиб ўтади.
Бу ҳақда Москва шаҳрида бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 20-йиғилишида маълум қилинди.
Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Орешкиннинг қайд этишича, сўнгги икки йил ичида Россия — Ўзбекистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди.
«Бу ўзаро савдо алоқалари рақамларида яхши акс этади. Бу ерда ўсиш 20 фоизни ташкил этди. Бу эса МДҲ давлатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири», — дейди вазир.
2018 йилда Ўзбекистонга Россия товарлари импорти 26,5 фоизга (3,3 миллиард долларга) ўсди. Жорий йилда ижобий динамика сақланиб қолиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)