Россияда Подмосковье вилоятининг Коломенск туманида асли қирғизистонлик бўлган ҳомиладор қизни онаси ва акаси ўзини чўктиришга мажбур қилди. Бу ҳақда «Mk.ru» хабар берди.
Оила аъзолари ҳомиладор бўлиб қолган ёш қизга шармандаликни дарёда ювишини буюрган. Қиз эса онасининг бу гапини жиддий қабул қилган ва ўзини чўктирган.
Хабарда айтилишича, 46 ёшли Ариета (исми ўзгартирилган) 2012 йил Москвага келган. У бадавлат хонадонга уй хизматчиси бўлиб ишга кирган. Вазифаси бой кишининг қари онасига ғамхўрлик қилиш бўлган.
Орадан бироз вақт ўтиб, унинг ёнига 24 ёшли ўғли Олмосбек ҳам келиб қўшилган. Она ўғлини уй эгасига яхши ҳайдовчи ва уй хизматчи деб мақтаб, ўзи санитар бўлиб ишлашга кетган. Аммо Ариетанинг 17 ёшли қизи Баглан ўз ватанида ўзини номақбул тутиши, очиқ кийиниши, тунги клубларга бориши ва уйланган эркаклар билан учрашиши онани ташвишга солган. Кейин у қизини ҳам Москвага чақириб олган.
Москвага келгач, қизнинг хулқи яхши томонга ўзгариш ўрнига аввалгидан ҳам ёмонлашиб кетган. У ўзига бадавлат йигит топган. Йигит унга бир хонали квартирани ижарага олиб берган. Орадан вақт ўтиб Баглан ҳомиладор бўлган.
Бундан жаҳли чиққан онаси ва акаси уни Москва дарёси қирғоғига олиб борган. Она қизининг оёғига арқон боғлаб, шарт қўйган.
«Агар янги ҳаёт бошламоқчи бўлсанг, арқонни еч-да, мен билан юр. Агар хоҳламасанг, мана, олдингда дарё турибди», — деган онаси.
Қиз бир неча сониядан сўнг ўзини сувга ташлаган. Онаси билан акаси эса хотиржам дарёдан узоқлашган.
Қизнинг танишларидан бирортаси ҳам уни изламаган. Фақат бир неча ойдан сўнг, унинг мурдаси қирғоқ яқинига чиқиб қолганини ёш оила кўриб қолган.
Айнан ўша пайт Олмосбек хизмат қиладиган қария вафот этган эди. Қариянинг ўғли мотам маросими пайтида дарёдаги даҳшатли мурда ҳақида сўз очган (У Баглан йўқолиб қолганини билар эди). Ҳар қандай шубҳани олдини олиш учун, Ариета ва Олмосбек ўликхонага борган ва қизининг жасадини таниган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларига қизи билан бир неча ойдан бери алоқада эмаслигини айтган. Аммо терговчилар шубҳаланган ва она-ўғилни алоҳида тергов қилган.
Бироз тергов бўлганидан сўнг, улар айбини тан олиб, тилхат ёзган.
Суд она ва ўғилни 7 йил-у 10 ойга озодликдан маҳрум қилган. Она жазони умумий колонияда, ўғил эса қатъий режим колониясида ўташга буюрилган.
Изоҳ (0)