Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хусусан, Facebook’да турли мавзулар бўйича баҳс-мунозаралар қизғин бормоқда. Баъзи давлатлар томонидан «Медиа контент» даражасига кўтарилган Facebook ижтимоий тармоғида олиб чиқилган баъзи мавзу ва муаммолар бугун ҳукумат даражасида ҳал этилаяпти. Бироқ, афсуски, улар орасида бировни ёмонотлиқ қилиш, атай қайсидир мавзуда фитна қўзғовчи жамоа ёки якка шахслар ҳам бор. Улар хусусида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбековнинг билдирган муносабати ҳақида ЎзА маълумот беради.
«Диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик бу ислом динининг шиори ҳисобланади. Муқаддас китобимизда инсонлар биргина ота-онадан пайдо бўлгани кўп бора эслатилади. Ислом дини турли уруғ-аймоқ, миллат ва элатлар бўлишига қарамасдан инсонлар бир-бирлари билан аҳил-иноқликда яшашни тарғиб қилади. Мана шунинг ўзи, динимиз одамларни бир ота фарзандидек аҳил-иноқ бўлиб яшашга чақиради. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали одамлар орасида турли фитна фасодлар тарқатиш, иғво қўзғаш динимиз қоралаган ишлардандир. Инсон қисқа умри давомида яхшилик қилиб қолишга ҳаракат қилиши керак. Лекин, шу ҳаётини одамларни ўртасида иғво чиқаришга, кимларнидир ёмонотлиқ қилишга уринишини динимизда оғир бир фитна дейилади. Фитна-фасод қилиш одам ўлдиришдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Киши одам ўлдирса ҳам бунчалик оғир гуноҳ қилмаган бўлади. Фитна билан у инсонни жонини эмас, онгини оляпти, заҳарлаяпти. Буни кетидан яна ҳам кўпроқ фитна-фасодлар келиб чиқиши тайин. Шундай экан, фитна қилишдан тийилиш керак», — деди Ҳомиджон Ишматбеков.
Изоҳ (0)