Ижтимоий тармоқлардан бирида «Намоз ўқимасанг, рўза ҳам тутма. Барибир қабул бўлмайди» деган бир матн атрофида кучли тортишув вужудга келди, деб ёзади «Azon.uz». Яшнобод тумани «Ислом ота» жомеъ масжиди имом хатиби Жасурхон Қори Раупов ушбу саволга ойдинлик киритди.
«Юқоридаги фикрлар доим одамлар орасида айланиб юрадиган масала, афсуски, бу ҳақда талашиб-тортишадиганларнинг аксари илми йўқ, китоб кўрмаган кишилардир.
Намоз ўқимаган одамнинг тутган рўзаси қабул бўлади. Чунки Рамазон рўзаси ўзи алоҳида фарз, Ислом арконларидан бири. Намоз ўқимай юрган киши ўзи бир катта гуноҳ қилиб юрибди, энди унинг ёнига фарз рўзани тутмаса яна катта бир гуноҳ қўшилади. Яъни янада гуноҳи кўпайиб боради.
Бенамоз одамнинг тутган рўзаси рўза эмас, деб айтаётганлар буни асло исботлаб беролмайди.
Биз эса унинг тутган рўзаси рўза бўлади дейишимизга асос шуки:
Биринчидан, иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж. Буларнинг ҳар бири ўзи мустақил ҳолатда фарз қилинган амал. Иймонга келган киши буларни албатта қилади, борди-ю қилолмаса қаттиқ гуноҳкор бўлади. Бирининг иккинчисига дахли йўқ.
Иккинчидан, рўзанинг қабул бўлиш шартлари ичида намозхон бўлиши шарт деган қоида ҳеч қайси оят ва ҳадисда келмаган. Аммо, ҳам намозни ўз вақтида ўқиб, ҳам рўза тутишлик улкан савобларга эга бўлишимизга йўл очади ва қаттиқ гуноҳкор бўлишдан қайтаради, валлаҳу аълам!»
Изоҳ (0)