Москванинг Шереметьево аэропортида 3600 долларни ўзлаштириб юборган ўзбекистонлик қўлга олинди, бу ҳақда Sputnik хабар қилади.
Россия ИИВ матбуот хизмати хабарида айтилишича, Санкт-Петербургда истиқомат қилувчи фуқаро Шереметьево аэропорти ИИВ бошқармасининг навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, унинг қизи «Сеул—Москва—Санкт-Петербург» транзит рейси билан учиб келган пайтда, эҳтимол «D» терминалида назоратдан ўтаётганда 3600 доллар солинган конвертни йўқотиб қўйганини маълум қилди.
Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан видео-кузатув камералари ўрганиб чиқилиб, ўғирликни содир этишда гумонланган шахсни аниқлашди.
Гумонланувчи Ўзбекистон фуқароси эканлиги ва Шереметьево аэропортида фаррош бўлиб ишлаши маълум бўлди.
Ушбу шахс йўловчи томонидан тасодифан тушириб юборилган конвертни топиб олиб, уни ўзлаштириб юборади.
Гумонланувчи Ўзбекистонга кетаётган вақтда Внуково аэропортида қўлга олинди. Унинг ёнидан жабрланувчига тегишли бўлган пулларнинг бир қисми топилди, қолган қисми эса у билан бирга яшаган қариндошидан олинди.
Шереметьево аэропорти тергов бўлими томонидан ушбу фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи шахс ҳибсга олинди.
Тергов иши давом этмоқда.
Изоҳ (0)