11 апрель куни Тошкентда ўтган семинарда олимлар Амударё ҳавзасида иқлим ўзгаришининг сув сифатига салбий таъсирини намоён этувчи натижаларни тақдим этди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати «Дарё» га хабар берди.
«Амударё ҳавзасида иқлим оқибатида сув сифати муаммолари бўйича илмий асосланган далилларни тақдим этиш» тадқиқот лойиҳаси Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) томонидан Ғарбий Виржиния университети билан ҳамкорликда АҚШ Тараққиёт агентлигининг (USAID) Тадқиқотда иштирок этишни яхшилаш йўлидаги ҳамкорлик (ПЕER) дастури асосида ўтказилган.
Лойиҳа Марказий Осиёдаги энг катта дарёлар тизимларининг бирида сувнинг сифати ва ривожланаётган иқлим ўзгаришлари ўртасидаги муносабатларни ўрганиб чиқди. CAREC ижрочи директори, доктор Искандар Абдуллаев иқлим ўзгариши ҳар йилги дарё оқимининг камайиши ва қурғоқчилик мавсумининг кўпайишига таъсир кўрсатиши оқибатида уй шароити ва қишлоқ хўжалигида сув сифатининг ёмонлашишига олиб келишини таъкидлаб ўтди. Тадқиқот натижалари ҳокимият сувдан фойдаланиш ва бошқаруви бўйича тўғри қарорлар қабул қилишига ёрдам беради.
ПЕER, АҚШ олимларини USAIDнинг дастурлари мавжуд бўлган давлатлардаги олимлар билан ҳамкорликда ишлашга бирлаштирадиган рақобатбардош мукофот дастуридир. ПЕER ҳамкорлик тадқиқотларини қўллаб-қувватлайди, узоқ муддатли муносабатларни шакллантиради ва бутун дунёдаги инсонлар ҳаётини яхшилаш учун имкониятларга эга бўлган илм-фан маълумотларини ривожлантиради.
2011 йилдан буён, ПЕER 50 га яқин мамлакатларда 300 дан ортиқ тадқиқот лойиҳаларини молиялаштирган. Марказий Осиё ва Афғонистонда ПЕER сувни бошқариш ва иқлим ўзгариши бўйича 17 та ҳамкорликдаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаган, улардан еттитаси Ўзбекистонда олиб борилган.
Изоҳ (0)