Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2018 йилда тизимли болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаган. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
Мамлакат ҳукумати томонидан эълон қилинган ислоҳотлар ўз натижаларини беряпти, бироқ маҳаллий даражада уларни амалга ошириш йўлида муаммолар учраб турибди. Умуман олганда, ХМТ Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги ўсишини тарихий дея эътироф этган.
2018 йилда пахта йиғим-теримида иштирок этганларнинг 93 фоизи буни мажбуран қилмаган, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларни йиғиш тўхтатилган.
Ҳосилни йиғиш пайтида болалар меҳнати илгари жиддий муаммога айланган бўлса, ҳозир ушбу жиддий камчилик бартараф этилган.
Шунга қарамай, кузатувчиларнинг сўзларига кўра, маҳаллий миқёсда давлат муассасалари ва корхоналардан ишчи-ходимлар йиғиш ҳолатлари учраган.
Пахта терувчиларнинг иш ҳақлари ХМТ ва Жаҳон банки тавсияларига мувофиқ оширилган. ХМТ ҳукуматга ушбу иш ҳақи миқдорини ошириш, шунингдек, келгусида кўнгилли терувчиларни жалб этишда меҳнат шароитига диққат билан эътибор беришни тавсия қилган.
ХМТнинг маълум қилишича, 1 килограмм пахта терганлик учун тўлов миқдори 2015 йилдаги 200 сўмдан 2018 йилда 700-1300 сўмгача кўтарилган.
Изоҳ (0)