2019 йил 1 мартидан Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида (ТАТКҲК) Ўзбекистон учун янги бўлган «Бошқарув қурилмаларини ишлаб чиқиш ва уларга хизмат кўрсатиш» факультетида илк талабаларни ўқитиш жараёни бошланди. Бу ҳақда ТАТКҲК «Дарё»га хабар берди.
Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи (ТАТКҲК) ва Пучон Университетининг ҳамкорликдаги янги лойиҳасига асосан абитуриентларнинг илк оқими қабул қилинган. Қабул комиссиясининг якуний ҳисоботига кўра, «Бошқарув қурилмаларини ишлаб чиқиш ва уларга хизмат кўрсатиш» факультетида 2 та гуруҳ ташкил этилган. Ўқув жараёни бошлаб юборилган.
ТАТКҲК ўқув биносининг бир қавати Пучон Университети стандартлари ва дизайнига мос равишда жиҳозланган. Амалий машғулотлар учун лабораториялар Жанубий Корея ҳамкорлари томонидан тақдим этилган. Ўқув режаси ҳам Пучон университети томонидан тақдим этилган ва Ўзбекистон стандартларига мослаштирилган. Коллеж ўқитувчилари Жанубий Кореяда амалиёт ўтаган.
2-босқични тамомлаб, корейс тили бўйича III даражани олган (ТОПИК) ҳамда махсус фанларни ўзлаштирган талабаларга маҳаллий намунадаги диплом берилади ва улар ўқишнинг 3 босқич бакалавр йўналишини Пучон Университетида (Жанубий Корея) давом эттиради.
Тил синовларидан ўтмаган талабаларга мутахассисликка эгалигини тасдиқловчи ва касби бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи маҳаллий намунадаги диплом берилади. Maxсус фанлардан «4» ёки «5» баҳо олган, лекин корейс тилидан 3-даражани (ТОПИК) ола олмаган талабаларга келгуси йилда корейс тилидан 3-даражани (ТОПИК) олишлари учун яна бир имконият берилади. Агар талаба имтиҳонни муваффақиятли топширса ва корейс тилидан 3-даражани (ТОПИК) олса, у келгусида 3-босқич бакалавр йўналишини Пучон Университетида (Жанубий Корея) давом эттириш учун ариза бериши мумкин.
«Қурилма-дастурий комплексни ишлаб чиқиш йўналиши бўйича кадрларни ўқитиш яқин кунларда мутахассисларнинг янги тармоғини яратади ва Ўзбекистон электроника саноатида профессионалликни сезиларли даражада оширади. Давлатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини ҳисобга олган ҳолда, ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишга ва шунга мос равишда ишлаб чиқарувчи кадрларга бўлган талаб геометрик прогрессия тарзида ўсиб бормоқда», — дея изоҳ беради ТАТКҲК директори Дмитрий Ли.
Пучон Университетида битирувчиларни ишга жойлаштиришда кўмаклашувчи махсус бўлим фаолият юритади. Ўзбекистондан Кореяга борган ТАТКҲК талабаларига ҳам тегишли ёрдам берилади. Университет малакали кадрларга қизиққан йирик корпорациялар ва фирмалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Изоҳ (0)