Ўзбекистон Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этиб келмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
Навбатдаги курслар Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги таркибий бўлинмалари ходимлари учун ташкил этилган.
Ушбу курслардан мақсад давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, соҳага доир қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини уларга батафсил тушунтиришдан иборат.
Курслар «республика – вилоят – туман (шаҳар)» уч поғонали принципи бўйича ташкил этилмоқда, яъни бутун республика бўйлаб барча даражадаги ташкилотларни қамраб олиш мақсад қилиб қўйилган.
Шу мақсадда Адлия вазирлигида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига вазирлик мутахассислари, Тошкент давлат юридик университети ва Юристлар малакасини ошириш маркази профессор-ўқитувчилари жалб қилинган.
Бу галги курслар ҳам одатдагидек 5 та йўналиш (модул) бўйича ўтказилган. Дастурга кўра Конституция ва инсон ҳуқуқлари, меҳнат қонунчилиги нормалари, мурожаатлар билан ишлаш, коррупцияга қарши кураш ҳамда соҳага оид қонунчилик мавзуларида тушунтириш ишлари олиб борилган.
Машғулотлар давомида фақат ҳуқуқий маълумотлар бериш билан чекланилмаган, жумладан, ходимларнинг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражаси ўрганилган ва таҳлил қилинган. Бунинг учун махсус сўровлар ва тест синовлари ўтказилган.
Машғулотлар содда ва тушунарли тилда, турли инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда ташкил этилган.
Маълумот учун: Шу кунга қадар ўқув курслари Халқ таълими, Қурилиш Мудофаа, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, «Давергеодезкадастр» қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда унинг таркибидаги тизимларда муваффақиятли бўлиб ўтган.
Изоҳ (0)