Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тошкент давлат техника университетининг ётоқхона деразасидан тушиб кетган талаба қиз ҳақида расмий баёнот берди.
Вазирликнинг маълум қилишича, воқеа 27 март куни соат 21:30 да содир бўлган. «Кончилик иши ва металлургия» факультетининг 2-босқич, 2-17 гуруҳ талабаси Ш.У. Зиё маҳалласида жойлашган 63-сон талабалар турар жойининг 609-хонасида очиқ турган дераза ойнасидан 6-қаватдан пастга йиқилиб тушган.
Талаба Тошкент тиббиёт академияси иккинчи клиникасига ётқизилган, шифокорлар томонидан бош мия очиқ жароҳати, калла асос гумбаз суяги синишининг бўлиниб синиши, бош мия пардалари остига, тўқимасига қон қуйилиши, бош мия оғир даражада лат ейиши, чап сон суяги очиқ синиши, ўнг томондан 3—5-қовурғалар синиши, тўш суяги синиши, иккинчи ўпка ёрилиши ташхиси қўйилган.
28 март куни соат 00:44 ларда талаба олган жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
«Ш.У. табиатан оғир ва босиқ бўлган, ҳеч ким билан ихтилофга бормаган, оиласида ҳеч қандай муаммолари бўлмаган. Ўқишда аъло баҳоларга ўқиган, хулқи намунали, талабалар орасида ҳурматга эга ва ўзининг фаоллиги билан ажралиб турган», — дейилади хабарда.
28 март куни «Кончилик иши ва металлургия» факультети декани ва бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар талабанинг Паркент туманидаги уйига ташриф буюрган. Суҳбат давомида қизнинг онаси қизида юрак етишмовчилиги бўлгани, бош мия босимининг ортишидан шикоят қилиб турганини маълум қилган.
Мавзуга доир: Тошкентда талаба қиз ётоқхона деразасидан ўзини ташлади
Изоҳ (0)