Жорий йилнинг 5 март куни «Дарё»да «Андижонлик 9 нафар фарзанди бор тадбиркор «Микрокредитбанк» раҳбариятидан нега норози?» номли мақола эълон қилинган эди. Унда Андижон шаҳридаги Боғишамол автомобиль бозори ҳудудида жойлашган «Шукрона Шунқор Шоҳид» хусусий корхонаси раҳбари Шукуржон Қодироҳуновнинг «Микрокредитбанк» АТБ Андижон вилояти филиали раҳбарияти билан келишолмай, кредит масаласида бир неча йилдан буён сарсон юргани ҳақидаги мурожаати бўйича «Дарё» мухбирининг журналистик суриштируви баён этилганди. Орадан бироз вақт ўтгач таҳририятимизга мазкур мақола юзасидан «Микрокредитбанк» АТБ Андижон вилоят минтақавий филиалидан жавоб хати келди.
Банк нималарга раддия билдирмоқда?
Банк томонидан билдирилган ушбу муносабат мактубида қуйидаги фикрлар келтирилган:«Энг аввало мақола қаҳрамони бўлмиш – Шукуржон Кадир-Ахунов (расмий ҳужжатларда унинг исм-шарифи шундай ёзилган) томонидан олти йил олдин, яъни 2013 йилда олинган кредит ва унинг тақдири ҳақида икки оғиз сўз. «Шукрона Шунқор Шохид» хусусий корхонаси раҳбари Ш.Кадир-Ахунов томонидан «Микрокредитбанк»нинг Андижон шаҳар Амалиёт бўлимидан 2013 йилда 24 ой муддатга 39 миллион сўм кредит маблағлари олинган. Кредитни қайтаришда банк билан тузилган кредит шартномаси бандлари мижоз томонидан қўпол равишда бузилган. Яъни мақолада, мурожаат муаллифининг ўзи таъкидлаганидек, «маблағларни аясининг маъракалари ва тирикчиликка сарфлаган. Етти ойлик кредит графиги бузилганлиги боис қарзини вақтида тўлолмаган». Судга берилганидан сўнггина банк олдидаги қарздорлик бартараф қилинган.
Шу ўринда ўзингиз бир ўйлаб кўринг, Ўзбекистонни қўя турайлик, жаҳон миқёсидаги қайси бир банк идораси – муқаддам кредитни ўз вақтида тўламасдан, берилган маблағ судма-суд юриб, ундирилган ҳолатда, образли қилиб айтганда, «ишончсиз мижоз»лар рўйхатига кирган юридик ёки жисмоний шахсга – қайтадан кредит беради?.. Аммо шундай бўлса-да, Ш.Кадир-Ахуновга яна бир имкон тақдим этилди. Тўғрироғи, 2017 йил Президентимиз томонидан «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» дея эълон қилинган даврда, мамлакатда бошланган ўзгаришлар шамоли таъсирида, қолаверса, хусусий тадбиркорликка кенг эркинликлар бериш йўлида ҳисса қўшиш мақсадида, банк ва «Шукрона Шунқор Шохид» хусусий корхонаси ўртасида 2017 йил 14 февралда тузилган 569-сонли кредит шартномасига асосан, кафе ва плейстейшн ўйингоҳи ташкил этиш учун 36 ой муддатга 18 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан, мазкур корхонага 150 миллион сўмлик кредит ажратилган.
Ш.Кадир-Ахуновнинг «банкдан 200 миллион сўм кредит сўрагани-ю, банкнинг 150 миллион сўм маблағ тақдим этгани» масаласида шуни айтиш мумкинки, мижознинг ўзи 2017 йилнинг 10 февраль куни банк томонидан 554-сон билан рўйхатга олинган аризасида «150 миллион сўм ажратишингизни сўрайман», дея ёзгани – ҳам рақамлар, ҳам қавс ичига олинган ҳарфлар воситасида, аниқ-тиниқ кўриниб турибди.
Демак, англашиладики, мижоз томонидан айнан шу миқдорда кредит берилиши сўралиб, ариза ёзилган ва у банк қошидаги кредит қўмитаси қарори билан кўриб чиқилиб, кредит берилган. Башарти аризада 200 миллион сўм сўралиб, унга 150 миллион сўм ажратилган бўлганда ҳам, мижоз – мақолада тилга олинганидек, «шартномага имзо қўймасдан чиқиб кетган» ва унинг гаплари тўғри чиққан бўларди. Бу ерда ҳеч қандай қоидабузарлик ҳам, алдам-қалдам гаплар билан муштарийни чалғитишга ҳожат ҳам йўқ.
Ана энди мақолада тилга олинган яна бир детал, аниқроғи, кредит учун гаровга қўйилган мулк, яъни бозор ичидаги дўконнинг нархи билан боғлиқ тафсилотлар ҳақида. Очиғи, бу фактни тақдим этишдан олдин ўзимиз ҳам бироз иккиландик. Аммо мақола «қаҳрамон»и бўлмиш – Ш.Кадир-Ахунов тўққиз боласини ўртага қўйиб, гўёки банк шу мурғакларнинг эртанги тақдирини ўйлаб бўлса ҳам, «кредит бериши шарт»дек тасаввур қолдиришга уринаётгани, айнан шу мақсадлар мақола сарлавҳасиданоқ «уфуриб» тургани боис, уни ҳам ҳавола қилишни лозим топдик.
Гап шундаки, «9 фарзанди бор тадбиркор «Микрокредитбанк» раҳбариятидан норози», «ўнинчи фарзанд дунёга келди, ҳолат эса «эски ҳаммом, эски тослигича» қолмоқда», дея ёздираётган мақола қаҳрамони (ёки муаллифи) бир вақтлар, аниқроғи кредит олаётган кезларда – ўша 9 бола у ёқда турсин, ҳатто турмуш ўртоғи билан ҳам қонунан яшамаслигини уқтириб, нотариусда тасдиқланган шартномага ўз қўли билан имзо чекиб берган. Бу ўринда биз – кредит олиш учун гаровга қўйилган мулк, яъни дўкон билан боғлиқ «Гаров шартномаси»ни назарда тутмоқдамиз.
Шу ўринда кўп эмас, атиги иккита савол туғилади. Хўш, мақолада «гарови 300 миллиондан ортиққа тортишини» зўр бериб уқтирган тадбиркор нега 2017 йилнинг 12 январида, Андижон шаҳридаги 1-сонли Давлат нотариал идорасида, нотариус А.Шербаев томонидан тасдиқланган «гаров шартномаси»да ўша мулкини – ўзи ҳозир «баҳоси шунча эди» деяётган суммадан ҳам 100 миллион сўмдан кам нархга, аниқроғи, 195 миллион сўмга баҳолатиб, ўз қўли билан имзо чекди? Бу – биринчи савол.
Иккинчи ва ундан ҳам муҳим савол шуки, нега мақолада «Кредит шартномасида мени уйланмаган, деб ёзишган. Кўриб турганингиздек, оилали ва тўққиз фарзанднинг отасиман», дея ҳар икки гапнинг бирида оилали эканлигини-ю, болаларини рўкач қилаётган Ш.Кадир-Ахунов нотариал тасдиқланган шартноманинг 11-банд 4-хатбошисида, ўз қўли билан «Мен, гаровга қўювчи, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 24-моддаси 2-банди талабига риоя қилиб, ушбу мулкни гаровга қўйишга даъво қилиши мумкин бўлган турмуш ўртоғим йўқлигини, ҳозирда қонуний турмаслигимни билдираман» дея ёзиб, ҳам ўша сатрлар остига, ҳам шартнома сўнгида қайта-қайта имзо қўйиб берган? Сизга бу ҳолат ғалати туюлмаяптими?..
Ҳарҳолда, ўзи шартномада уқтираётгандек – «турмуш ўртоғи билан қонуний турмайдиган» қаҳрамонимизнинг – бебилиска кредит олиш иштиёқи туғилганда, «тўққиз болали» эканлигини дод солиб айтиб, кўкракка уришини, «жигардан бўлган пул тикилган» – гаровни расмийлаштираётганда эса турмуш ўртоғи ҳам, гаровга даъво қиладиган қонуний ҳеч кими йўқлигини ёзиб бераётганини қандай тушуниш – ҳар кимнинг ўзига ҳавола...
Шундай қилиб, расмий тилда ифодалайдиган бўлсак, қарздор, яъни «Шукрона Шунқор Шохид» хусусий корхонаси томонидан кредит шартномасининг тўлов мажбурияти қўпол равишда бузилганлиги сабабли, кредит шартномасини муддатидан илгари, Савдо саноат палатаси орқали киритилган даъво аризаси асосида, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида мазмунан кўриб чиқилган. Судда эса, қарздорга яна бир имкон тақдим этилган, яъни Андижон шаҳар, Орол кўчаси, 23-уй манзилида жойлашган «Шукрона Шунқор Шохид» хусусий корхонаси билан 2018 йил 16 мартда келишув битими расмийлаштирилган. Яъни дабдурустдан ижрога киришилмасдан, ҳукм бирданига Мажбурий ижро бюросига ижро учун жўнатилмай туриб, мавжуд 170,0 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик тўлиқ тўланиши, акс ҳолда мажбурий чоралар кўрилиши тўғрисида корхона яна бир бор огоҳлантирилган. Мижоз судда бу мажбуриятни гарданига олган.
Хўш, Ш.Кадир-Ахуновнинг алал-оқибат муддаоси нима, дея англамай турганларга яна бир бор эслатамизки, унинг кредитни ўз вақтида тўлай олмаётганлигига – боз яна, келиб-келиб банк (!) айбдор эмиш. Яъни шунча «ҳунар» кўрсатиб, маблағ тўлаш фурсати келганда, бўйин товлаётган бу мижозга банк яна 50 (эллик) миллион сўм бериши, шундан сўнг башарти аҳволи ўнгланиб кетсагина, секин-аста қарзини узармиш. Қандингизни уринг-е, жаноб мижоз... «Оларда – кирар жоним, берарда – чиқар жоним» нақли ёдингизга тушмаяптими?
Хуллас калом, суддаги келишув битими шартлари ҳам «иш бермади», яъни у корхона раҳбари томонидан бажарилмади. Бугунги кунда корхонанинг банк олдидаги 187,6 миллион сўмлик муаммоли кредит қарздорлиги бор. Суд ажримида – «Шукрона Шунқор Шохид» хусусий корхонаси томонидан олинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, банк филиали ижро варақаси олиш учун Судга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган эди. Шундай қилинди ҳам. Фуқаролик ишлари бўйича Андижон шаҳар суди, банк аризасини кўриб чиқиб, 2018 йил 6 июнь куни 2-1701-1801/2285-сонли ижро варақасини тақдим этган. У эса Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлимига топширилган. Бугунги кунда ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дарвоқе, шу ўринда мақолада мурожаат муаллифининг рафиқаси Насибахон Қодирохунова томонидан айтилган «Банкдагилардан фарзандларимни боқ ёки чўнтагингдаги пулдан бер, демаяпмиз-ку. Давлатимиз томонидан тадбиркорларга берилиши керак бўлган маблағдан сўраяпмиз холос», деган даъвога жавобан шундай демоқчимиз:
«Ҳа, банкдагилар кредитни чўнтагидан бермаслиги мумкин. Давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати юритилмоқда. Лекин турмуш ўртоғингиз қайта-қайта, такрор ва такрор ўз вақтида тўламаган қарзлар-у фоизлар ҳисобига ҳам анча-мунча тадбиркорларга кредит ажратилиши мумкин эди. Тасаввур қилингки, бирор марта ўз вақтида тўламаган кредитларингиз бошқа бир – интизомли, турфа нағмалардан кўра, ҳалол ишлаш ва олган пулини вақтида тўлашни афзал билган тадбиркорга ажратилганда, давлатимизга кўпроқ нафи теккан бўларди. Сизни саргардон қилган банк эмас, балки ҳатто номингизниям тилга олмай, расмий ҳужжатда «турмуш ўртоғим йўқ, бирга турмайман» дея ёзиб, имзо қўйиб берган – эрингиз бўлади.
Биз сайтда эълон қилинган, мактуб бошида номи келтирилган мақолалар юзасидан ўз мулоҳазаларимизни, боз устига ҳужжатлар тили билан баён этдик. Хулоса чиқариш – Сизга («Дарё» раҳбарияти), мақола сайтда эълон қилингач эса, муштарийлар ҳукмига ҳавола.
Айтмоқчи бўлганимиз – холис бўлиб, ҳукм чиқарайлик!
Тадбиркор нима дейди?
Расмий ҳужжатлар нусхаси ва фотосуратлар илова қилинган банкнинг жавоб мактуби бўйича тадбиркорнинг ҳам фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутдик:- Сайтларингизда муаммоим ёритилгач, ҳеч бир мутасадди, ҳатто «Микрокредитбанк»дан ҳам бирор раҳбар қўнғироқ қилмади ёки менинг аҳволимни атрофлича ўрганмади. Ҳаммаси қоғозда чиройли ёзиляпти-ку, аммо амалда бўлмаяпти. Кредит шартномасига оила аъзоларим билан қонуний турмаслигимнинг ёзилганлигини ўтган йили билдим. Ўшанда банк судга даъво аризаси киритган ва адвокат билан ишлаш жараёнимизда у ҳужжатда шундай ёзилганлигини айтди. Очиғи, унгача буни билмасдим. Негаки, банк ходимларига ишонардим ва менга сира панд беришмаган. Лекин банкнинг кўплаб ходимлари кўп фарзандим борлигини яхши билишарди. Ҳар гал ота бўлганимдан хабар топишгач, банкка иш юзасидан борганимда табриклашган. Бу борада ҳеч қачон нотариус олдига бормаганман ва унга «Хотиним билан қонуний яшамайман» деган фикрларни айтмаганман.
Биноимни банкдан бирор мутахассис келиб, атрофлича ўрганиб, сўнг баҳоламаган. Барчаси кўр-кўрона қилинган. Ўзим эса 2017 йилнинг январида «Глобал эксперт люкс» МЧЖ мутахассисини олиб келганман. У биноим билан тўлиқ танишган ва 351 250 000 сўмга баҳолаган. Банк раҳбарияти нега менга бизнес режамни кўрсатмаётганига сира тушунмаяпман. Ахир мен бизнес режага банк 200 миллион сўм берса, ўзимдаги мавжуд 50 миллион сўм, жами 250 миллион сўм билан лойиҳамни битиришимни ёзганман-ку. Бизнес режамни топиб, ўзимга кўрсатишсин, улар билан баҳслашмайман. Аммо бизнес режамни топишолмаяпти. Мен қандай вазиятда бўлмасин, барча фикрларимни исботлай оламан. Ноҳақ бўлганимда сизлардан ёрдам сўраб, мурожаат қилмаган бўлардим.
Мени нега бирор амалдор тушунмаётганига ҳайронман. Агар банк менга вақтида 200 миллион ёки кеч бўлса ҳам 50 миллион сўмни берганида, лойиҳам охирига етарди. Ҳозир маблағ етмагани боис ишим чала турибди ва айланма маблағ бўлмаяпти. Ортиқча дўкон ва участкаларим, машинам бўлганида, аллақачон сотиб, қарзимдан қутулардим. Ҳозир бу биноимни сотиб, банкдан қарзимни уздим ҳам дейлик. Ундан кейинги ҳаётим қандай кечади? Шуни кимдир ўйлаб, инсоний жиҳатдан кўмаклашишини истардим. Банкдан қўшимча маблағ сўраш ва сарсон юриш менга ҳам ҳавас эмас. Тўғриси, жуда зерикдим ва чарчадим. Бир кун «портлаб» кетмасам бўлди.
Бизнес режа қаерда?
Биз аввалги журналистик суриштирувимизда ҳар икки тарафнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиб, ўрин ажратган эдик. Лекин афтидан бу филиал раҳбарини қаноатлантирмаган кўринади. Банкнинг раддия тарзида ёзилган жавоб хатини ўқиб, бир нечта ҳолатга ажабландик. Суриштирув олиб борганимизда «Микрокредитбанк» АТБ Андижон вилояти минтақавий филиали раиси Ойбек Исақов нега юқоридаги фикрларни бизга айтмаганди? Орадан ўн кундан ортиқ вақт ўтибгина сўнг жавоб хати ёзганини қандай тушуниш мумкин?Банк ўз жавоб хатида тадбиркор банкдан 200 миллион сўм эмас, 150 миллион сўм маблағ сўраганини ҳужжатлар билан исботлашга ҳаракат қилган. Тадбиркор 200 миллион сўм кредит хоҳлаганини банк илк бор «Дарё»даги мақола орқали хабар топмагани аниқ. Дастлабки мақолада «Микрокредитбанк» АТБ Андижон вилояти филиали раиси Ойбек Исақов бу ҳақда тўхталганди. Исақов унинг ўрнида Қудратбек Мамадалиев вақтинча бошқарувчи вазифасини бажарган пайтда тадбиркор бизнес режасида 200 миллион беришни сўраб мурожаат қилгани, амалиёт бошқармаси ходимлари 150 миллион бера олишини айтгани, кейинчалик 150 миллион сўмга кредит шатномаси тузилганини маълум қилганди.
Тадбиркорнинг ўзи ҳам илк материалда ишга шаҳар прокурори аралашганидан сўнг 150 миллион сўм кредит олишга рози бўлгани, қолган 50 миллион сўмни банк унинг турмуш ўртоғига истеъмол кредити сифатида беришни ваъда қилганини айтганди. Тадбиркорнинг аёлига истеъмол кредити сифатида берилиши ваъда қилинган (ва якунда берилмаган) 50 миллион сўм ҳақида жавоб хатида сўз бормаган.
Холис бўлиб, ҳукм чиқариш учун тадбиркорнинг бизнес режаси етишмаётгандек. Банкнинг жавоб хатида ҳам бизнес режа тақдири ҳақида лом-мим дейилмаган. Ахир ишбилармон ва банк ўртасидаги муносабатлар асосан бизнес режа орқали боғланади-ку. Агар ҳақиқатдан барча айб тадбиркорда бўлса, нега унинг бизнес режаси топилмаяпти?
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, аслида бизнинг мақсад кимнидир «қаҳрамон» қилиш эмас, балки мавжуд вазиятга ойдинлик киритиш эди.
Изоҳ (0)