Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси Жазони ижро этиш бўлими 21-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкума аёллар учун Наврўз байрами ташкиллаштирилди, деб хабар берди ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.
«Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Б.Адилов ва ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси қўмондони генерал-майор Д.Пан иштирок этиб, колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкума аёлларни байрам билан қутлашди. Шунингдек, ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси қошидаги эстрада ансамбли хонандалари томонидан шўх куй ва қўшиқлар ижро этилиб, маҳкума аёлларнинг кўнглига бир дам бўлса-да хушнудлик бахш этилди», — дейилади хабарда.
Тадбир сўнгида маҳкума аёллар ушбу байрам ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдирди.
«Бу каби оммавий-маданий тадбирлар колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкума аёллар онгида жамиятнинг ижтимоий ҳимояга мухтож бир аъзоси сифатида давлатимизнинг эътиборида эканлигини ҳис қилган ҳолда қонунларимизга бўлган ҳурмат руҳини шакллантиришга хизмат қилади, деган умиддамиз»— дейилади хабарда.
Изоҳ (0)