16 март, шанба куни Испания Ла Лигасининг 28-турида «Реал Мадрид» ўз майдонида «Сельта»ни мағлуб этди (2:0).
Бу Зинедин Зидан учун Мадрид клуби бошқарувидаги 150 ва бош мураббийликка қайтгандан сўнг биринчи учрашуви бўлди.
46 ёшли франциялик қўл остида «Реал» 105 маротаба ғалабага эришган бўлса, 29 марта дуранг ўйнади ва 16 та баҳсда мағлубиятга учраган.
Клуб жами 395 та гол урди, 44 та қуруқ ўйин ўтказди ва ўз дарвозасидан 159 марта тўп ўтказиб юборди. Голлар нисбати бўйича — +236.
Зидан «Қироллик клуби» билан 9 та совринни қўлга киритди, жумладан, Европа Чемпионлар Лигасида кетма-кет 3 маротаба ғалаба қозониб, Испания чемпионлигини ҳам қўлга киритганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)