Мўйноқ туманида «NavrUZ» этнофестивалини ўтказиш учун тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Aсан Ниетуллаев маълум қилди, дея хабар беради ЎзА.
—Ушбу этнофестивални ташкил қилишдан асосий мақсад Мўйноқ туманида туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва миллий анъаналарни мадҳ этишдан иборат. Фестиваль асосан туман маркази — Ҳунармандлар қишлоғида ўтказилади. Тадбир иштирокчилари икки кун давомида фолклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, миллий ўйинлар ва кўргазмаларни томоша қилиши мумкин, — деди Aсан Ниетуллаев.
Фестиваль меҳмонлари ҳудудда балиқчилар, ҳунармандлар уйлари, миллий анъанага мос тарзда уй меҳмонхоналари қурилганига гувоҳ бўлади. Ҳунармандлар шу ерда каштачилик, гиламчилик, қуроқ тикиш ва бошқа ишлар билан шуғулланмоқда.
Миллий анъаналарга бағишланган театрлаштирилган хореографик дастурлар намойиш этилиши кўзда тутилган. Сумалак, Наврўз гўжа тайёрланади. Чимбой туманидан келган уй усталари эса ўтовларни қуриш жараёнини кўрсатади. Миллий ҳамда от спорти ўйинлари намойиш этилади.
Фестиваль давомида бир томонда миллий кийимлар модаси, иккинчи томонда ҳунармандларнинг қўл меҳнатлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Сайл ташкил этилади, гулхан атрофида бахшилар терма-достонлар ижро этади.
Изоҳ (0)