Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистонда 2019 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилади. Бу Президентнинг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Фото: Depositphotos

Фото: Depositphotos

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ундирувчининг аризаси бўйича ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатга ижро иши юритишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланади;

томонлар ўртасида ижро предметига доир келишувга келмаслик, шунингдек, томонлардан бирининг медиацияни давом эттиришдан воз кечиши ёки уни амалга ошириш муддатининг тугаши ижро иши юритишни қайтадан тиклаш учун асос ҳисобланади. Бунда медиация тартиб-таомилини такроран амалга оширишга йўл қўйилмайди;

томонлар ўртасида ижро ишининг ҳар қандай босқичида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича ижро предметига доир келишув расмийлаштирилган ҳолларда давлат ижрочиси ижро иши юритишни тугатади;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш жараёнига давлат ижрочиси ва давлатнинг бошқа органлари вакилларининг аралашуви тақиқланади.

2019 йил 1 июндан бошлаб:

ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ҳал этилади;

ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, мазкур ҳаракатлар қарздорнинг аризасига ёки давлат ижрочисининг ўз ташаббусига кўра кўпи билан икки марта кечиктирилади;

ижро ҳаракатларини бажаришда юзага келган масалаларни тушунтириш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасини юритади;

ижро ҳужжатларида ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки телефон (мобил) рақами (агар улар судга ёки ижро ҳужжатини берган бошқа орган (мансабдор шахс)га тақдим этилган бўлса) ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги хабарнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиниб олинганлиги фактларини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) кўринишида йўлланади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар