«Толибон» террористик ҳаракати асосчиси мулла Умар АҚШ ҳукумати ўйлагандек Покистонга қочиб ёки тоғларда яшириниб юрмаган, балки АҚШ ҳарбий базалари яқинида яшаган, деб ёзади «Лига Новости».
Бу ҳақда шарқий мамлакатлар бўйича даниялик журналист-тадқиқотчи Бетт Дам ўзининг «Мулла Умарнинг сирли ҳаёти» китобида ёзган.
У китоб устида иш олиб боришда беш йил давомида Ғарбнинг ҳарбий ва разведкасидан ҳам, толибонлар, хусусан, мулланинг қўриқчиси Жаббор Умарий билан суҳбатлашиш орқали ҳам маълумотлар тўплаган.
Унинг сўзларига кўра, 2001 йилда «Толибон» режими қулагач, ташкилотнинг собиқ раҳбари ҳукуматдан яшириниб, АҚШ ҳарбий базасидан беш километр узоқликда жойлашган уйнинг махфий хоналарида яшаган. Журналистнинг таъкидлашича, бир марта НАТО кучлари бўлинмалари уйни тинтув қилган, аммо ҳеч нарса топмаган.
Қўлга тушишнинг олдини олиш мақсадида у вақти-вақти билан далалардаги суғориш тизими трубаларида яширинишига тўғри келган.
Кейинчалик Умарни бошқа уйга яширишган. У ҳам АҚШнинг бошқа ҳарбий базасидан беш километр узоқликда жойлашган.
Жангариларнинг баёнотига қарамай, мулла ҳуқуқ-тартибот органларидан яширинган ҳолда ташкилотни бошқара олмаган. У 2001 йилнинг декабрь ойида ташкилотни бошқарувини Толибон «мудофаа вазири» мулла Убайдуллага топширган.
Усама бин Ладен йўқ қилинганидан сўнг АҚШ махсус хизмати эътиборни мулла Умарга қаратган. Бироқ у душманлар ҳаракатидан эмас, балки жангарилар маълум қилганидек, сил касаллигидан вафот этган.
Изоҳ (0)