7 март куни Дакка шаҳридаги «Бангабабан» қасрида Ўзбекистон элчиси Фарҳод Арзиев (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Бангладеш президенти Абдул Ҳамидга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бангладеш раҳбари маросимдан кейин бўлиб ўтган суҳбат чоғида Президент Шавкат Мирзиёевга ўзининг самимий саломлари ва энг эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўраган ҳамда Бангладеш томонининг Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирган. Бангладешда Ўзбекистоннинг исломий қадамжоларига улкан қизиқиш мавжудлиги тасдиқланган.
Президент Абдул Ҳамид вақт синовида ўтган икки томонлама муносабатлар азалдан дўстона эканлигини қайд этган ва Бангладешда Ўзбекистон элчисининг аккредитация қилиниши икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янада фаоллашишига хизмат қилади деб ишонч билдирган.
Изоҳ (0)