Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Наманган момиқ сочиқлари» МЧЖ таъсисчилигида Мингбулоқ туманидаги «Art soft tex claster» фермер хўжалиги негизида пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликларини тайёрловчи замонавий уруғчилик корхонаси ташкил этилиши режалаштирилди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Лойиҳа қиймати 8,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, унинг доирасида 130 та янги иш ўринлари яратилади.
«Art soft tex claster» корхонасида уруғликни тайёрлаш учун Мингбулоқва Поп туманларидаги барча уруғчилик хўжаликлари билан уруғлик етиштириш бўйича тегишли шартномалар тузилиши назарда тутилган. Шунингдек, «Art soft tex claster» МЧЖнинг уруғчилик корхонаси уруғларини қабул қилиш, тозалаш, саралаш, калибрлаш, дорилаш, қадоқлаш ва сақлаш ҳамда сифатини аниқлаш бўйича замонавий технология ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланади.
Бундан ташқари, «Art soft tex claster» МЧЖнинг уруғчилик корхонасига улуш сифатида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ДУКнинг Мингбулоқ туманидаги уруғлик чигит тайёрлаш цехи киритилади.
«Art soft tex claster» уруғчилик корхонасида уруғларни етиштириш жараёни илмий ёндашув орқали амалга оширилиб, селексия ва уруғчилик йўналишидаги 8 та илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатилади. Шунингдек, корхонага беш нафар ёш олим бириктирилади.
2019 йилда «Art soft tex claster» уруғчилик корхонаси томонидан 7095 тонна сифатли уруғлик тайёрланади, жумладан, уруғлик чигит — 1845, уруғлик буғдой — 5000, бошқалар — 250 тонна. Корхона томонидан 1,5—2,0 минг тонна уруғ экспортга йўналтирилади.