Наманганда бўлажак ихтирочилар ўртасида «Келажак сари инновацион технологиялар билан!» фестиваль-танлови ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари, «Баркамол авлод» болалар марказларида автомодель, авиа-ракета модель, робототехника, кемасозлик, информатика ва компьютер технологиялари каби ўндан зиёд йўналишдаги тўгаракларга қатнашаётган ёшлар иштирок этди.
Танловнинг дастлабки саралаш босқичларида Наманган шаҳри ва туманлардан 500 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этган бўлса, финалда 182 нафар ўқувчи ғолиблик учун баҳслашди.
Танлов доирасида «Ақлли товуқхона», «Кўркам шаҳарча», «Озода ҳудуд», «Саёҳатчи микроавтобус» каби моделлар, шунингдек, бир неча ўнлаб авто, авиа-ракета моделлар, информатика ва компьютер технологиялари бўйича турли дастурлар ҳамда веб-сайтлар намойиш этилди.
Ўқитувчилар фестиваль-танлов доирасида дарс жараёнида ўқувчилар фаоллигини ахборот коммуникацион технологиялар орқали ошириш, инновацион баҳолаш услублари сифатида Плиcкерс дастурини кенг қўллаш, мультимедиа воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширилишига қаратилган лойиҳаларни тақдим этди.
Тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов лойиҳалар билан яқиндан танишди, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ишланмаларига юқори баҳо берди. Ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.