Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифаси вакили ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов (7 та жанг, 7 та ғалаба, 6 та нокаут) апрель ойида ўзининг саккизинчи жангини ўтказади. Бу ҳақда GoSport хабар берди.
Манбада ёзилишича, Шаҳрам 26 апрель куни навбатдаги жанги учун рингга кўтарилади. Ҳозирча унинг рақиби ким эканлиги маълум эмас. Жанг Калифорния штатининг Инглвуд шаҳрида жойлашган казино маркази Форум саройида бўлиб ўтади.
Мазкур бокс оқшомида Муроджон Аҳмадалиевнинг бўлажак рақибини аниқлаб берувчи марказий жангда иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасининг WBA чемпионлик камари соҳиби америкалик Даниэл Роман (26-2-1, 10 КО) ва IBF камари эгаси австралиялик Теренс Доэни (21-0, 15 КО) рингга кўтарилади.
Инглвудда бўлиб ўтадиган мазкур бокс оқшоми Matchroom Boxing промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Ҳирн ва Thompson Boxing Promotions компанияси раҳбари Кен Томпсон томонидан ташкил қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги марта Шаҳрам Ғиёсов 23 февраль (Тошкент вақти билан 24 февраль) куни мексикалик боксчи Эдгар Пуэртани бешинчи раундда техник нокаут эвазига мағлубиятга учратганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)