Нидерландиялик олимлар дарёлар ва кўлларда икки машҳур антибиотикнинг концентрациясини ҳисоблаб чиқди ва улар дунёдаги барча сувни ифлослайди деган хулосага келди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Антибиотикнинг бундай юқори концентрацияси сувда яшайдиган микробларни ўлдириб юбориши мумкин. Бу эса озиқланиш занжирини зарарлайди. Бундан ташқари сувни тозаловчи микробларнинг ишига ҳам халал беради», — дейди Неймеген университети (Нидерландия) вакили Рик Олденкамп.
Сўнгги йилларда кимёгарлар ва экологлар Европа ва Американинг йирик шаҳарларига яқин сувлардан юқори концентрацияли антидепрессант ва бошқа дориларни топган. Бундай дорилар планктонни нобуд қилади, шу билан бирга балиқларнинг мияси аномал тарзда ишлаб, ўзини ноодатий тутишига олиб келади.
Бундай ифлосланишнинг манбаси ҳожатхона ҳисобланади. Чунки кўп ривожланган мамлакатларда ишлатилмайдиган дори ёки гиёҳванд моддани ҳожатхонага ташлаб, устидан сув тортиб юборилади. Шу сабаб, АҚШ расмийлари яқинда аҳолига «ортиқча» дори ва таблеткаларни канализацияга эмас, балки полиция участкасидаги махсус ахлат қутисига ташлашни тавсия қилган.
Олденкамп ва унинг ҳамкасблари мана шундай фармакологик ифлосланиш атрофдаги табиатга қандай таъсир қилишини ўрганувчи биринчи катта кўламли лойиҳа устида ишлаган. Улар эътиборини иккита дорига қаратган: ципрофлоксацин антибиотиги ва тутқаноққа қарши ишлатиладиган карбамазепин.
Бу дориларнинг иккаласи ҳам ЖССТ асосий дорилар рўйхатига киради ва қарийб ўттиз йилдан буён шайтонлаш ва бактериал инфекциялар билан курашиш учун кенг қўлланилади. Дунёнинг айрим мамлакатларидаги чиқиндиларда уларнинг концентрацияси бўйича олинган маълумотлар ва шунингдек, 1995 йилдан 2015 йилгача ушбу дори-дармонларни истеъмол қилиш бўйича статистик маълумотлардан фойдаланиб, нидерланд экологлари ушбу дориларнинг сайёрадаги барча дарёлар ва кўллардаги концентрациясини ҳисоблаган.
Натижалар шуни кўрсатдики, сўнгги икки ўн йилликда чучук сувли ҳавзаларда ципрофлоксациннинг миқдори ўртача 10-20 баробарга ошган.
Вазият фақатгина аҳолиси зич бўлмаган Амазония ва Осиёнинг марказий ҳудудларида ҳамда Африкадаги камбағал мамлакатларда ёмонлашмаган.
Ҳозирда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига асосий хавф солиб турган антибиотик бу — ципрофлоксацин. Унинг концентрацияси аллақачон максимал даражадан ошиб кетган. Бу ҳолат Россия ва Канаданинг шимолий қисмлари, Африканинг экваторга яқин ҳудудлари ва Жанубий Америкадан ташқари барча дарё ва кўлларга тегишлидир.
Экологларнинг фикрича, бу дориларнинг эркин савдосини чеклаш керак. Чунки одамлар уни шифокорнинг рецептисиз ўзларича сотиб олмоқда ва кўп ҳолларда фермаларда тиббий бўлмаган мақсадларда фойдаланмоқда.
Изоҳ (0)