Ўзбекистонга порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш, олиб чиқиш ва тарқатиш қонун билан тақиқланган. Аммо, шунга қарамай, беҳаёлик ҳамда шафқатсизликни тарғиб этувчи материалларни сотиб, мўмай даромад қилишни мақсад қилган фуқаролар ҳам учраб турибди, деб ёзади ЎзА.
Шу боис Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда инсон руҳиятига салбий таъсир этувчи жангари ва порнографик мазмундаги контрафакт видеофильмларнинг ноқонуний тарқатилишига қарши курашиш мақсадида Жиззах шаҳар «Кўк бозор» савдо мажмуасида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари У.И., Н.Т. ва Ҳ.Қ. жами қиймати 3,763 минг сўмлик 836 дона лицензияланмаган, жангари ва беҳаё мазмундаги видеофильмлар ҳамда турли хилдаги хорижий мусиқа клиплари ёзилган контрафакт DVD ва СД дискларни Жиззах шаҳридаги «Кўк бозор» савдо мажмуаси ҳудудида сотаётган вақтида қўлга олинди.
Фуқаролар ўз кўрсатмаларида мазкур дискларни Тошкент шаҳридаги бозорларнинг биридан сотиб олганлиги ва қайта сотиб фойда кўриш мақсадида Жиззах шаҳрига олиб келганлигини баён қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)