Тошкентдаги кафеда ИИБ ходимини шафқатсиз калтаклаган тўрт нафар фуқаро қўлга олинди, деб хабар қилмоқда UzNews.
Ҳуқуқни сақлаш органларидан олинган хабарга кўра, 15 февраль куни соат 20:30 атрофида «Каримбек» ошхонасида 32, 32, 33 ва 39 ёшли 4 нафар фуқаро маст ҳолатда ИИБ ходимини шафқатсизларча калтаклаган. Жабрланувчи 2010 йилдан буён Бухоро вилоят ИИБда ишлаб келган.
Бунинг оқибатида 37 ёшли ИИБ ходими бош мия оғир лат ейиши, чакка томон гематомаси, бош чаноғининг орқа суяги синиши диагнози билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.
Ушбу иш юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-бўлими 2-қисми асосида (оғир жароҳат етказиш, безорилик) банди бўйича жиноий иш қўзғатилган. ЖКнинг ушбу моддасига кўра, айбланувчиларга 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Изоҳ (0)