«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида Қирғизистон саноат, энергетика ва ерости бойликлардан фойдаланиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ж.Сагинбаев бошчилигидаги ишбилармон доиралар делегацияси билан музокаралар ўтказилди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизматига таяниб, ЎзА хабар берди.
Учрашувда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати соҳасида икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотларини тарғиб қилиш ва сотиш, тайёр маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқариш ва уларни кейинчалик учинчи мамлакат бозорларига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Қирғизистон делегацияси «Bakan Tex» ва «Uztex Group» корхоналарида бўлиб, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, 2018 йил охирига келиб Қирғизистонга тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми 70 миллион долларни ташкил этди.
Изоҳ (0)