Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалининг Фарғона шаҳри участкасида касса олдидаги тирбандлик, узундан узун навбатлар ҳафсалани пир қилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Юздан зиёд истеъмолчи тўловларни амалга ошириш, ҳисоб-китоб қилиш учун ўз навбатини кутиб турибди. «Ўзтрансгаз« акциядорлик жамиятининг уч нафар ходими ҳисоб-китоб учун масъул қилиб бириктирилган бўлиб, улар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Бу ерда «Ипотекабанк» акциядорлик тижорат банкининг Фарғона филиали шохобчаси фаолият кўрсатаётган бўлиб, икки нафар ходимнинг қўли-қўлига тегмайди.
— Икки соат бўлди келганимизга, ҳали ҳам навбатимиз келгани йўқ, — дейди Инобат Дадажонова. — Табиий газ тўловларини ўз вақтида тўлаб қўйгани келсак ҳам, соатлаб вақтимизни йўқотамиз. Бу ердаги ҳолатни, асаббузарликни бир кўрсангиз эди. Ҳамма ҳам газ, электр энергия учун пулни тўлаб, хотиржам ўтиргиси келади.
Аввал ҳам айнан мазкур муаммолар ҳақида танқидий мақола берил, ўшандан кейин бу ерда вазият анча яхшиланиб, Қиргули ва А.Қодирий мавзеларида банкнинг махсус кассалари ташкил этилган эди. Вақт ўтиб эса, яна ўша муаммолар пайдо бўлди. Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалининг Фарғона участкаси бошлиғи Дониёржон Тешабоевнинг айтишича, «Ипотекабанк» томонидан икки махсус кассанинг фаолияти тугатилгани учун шундай вазият юзага келган.
— Янги йилдан бошлаб, шаҳримиздаги айрим газ босими паст бўлган ҳудудларда ҳам ҳолат анча яхшиланди, — дейди Д.Тешабоев. — Айни пайтда 81 мингдан ортиқ истеъмолчига хизмат кўрсатиб келмоқдамиз. Участкамиз томонидан аҳоли хонадонларига узлуксиз табиий газ етказиб бериш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш тадбирларини кўрмоқдамиз.
«Ипотекабанк» Фарғона филиали бошқарувчиси ўринбосари У.Тўхтасиновнинг айтишича, тизимдаги самарасиз, зарар билан ишлаётган Фарғона шаҳридаги 4 та махсус кассалар тугатилган экан. Хусусан, Қиргулидаги 14-сонли махсус касса ҳам шундай бўлди.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида кўплаб тижорат банкларининг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, табиий газ ва электр таъминоти корхоналарига «Саноатқурилишбанк» хизмат кўрсатади. Аммо негадир бошқа банклар аҳолидан коммунал тўловларни олиш борасида бефарқ бўлмоқда. Натижада эса аҳоли сарсон бўлмоқда. Мажбурий ижроси бюроси вилоят бошқармаси ҳам бу борада тижорат банклари билан ҳамкорликда истеъмолчилар учун қулайликлар яратиш тадбирларини кўриши керак.
Изоҳ (0)