Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди 4 ойлик чақалоғини сотмоқчи бўлган Ж.I.га нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Дарё»га тумани суди раиси вазифасини бажарувчи Д.Муратов маълум қилди.
Маълум бўлишича, Ж.I. 2018 йил 22 июнь куни соат тахминан 11:30 да Урганчнинг Бўстонлиқ кўчасида 4 ойлик қизалоғини фуқаро Г.М.га олдиндан келишилган 2 миллион сўмга сотган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинган.
Судланувчи Ж.I. суд муҳокамасида айбига тўлиқ иқрор бўлган. У Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсни сотиш) билан айбли деб топилган ва унга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Жиноят иши юзасидан Ж.I.га нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод қилинган.
Изоҳ (0)