5 февраль куни Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида туман ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирув гуруҳи суриштирувчиси, С.Д. туман ИИБ бошлиғига билдирги билан мурожаат қилиб, 4 февраль куни Ғайрат Худойберганов бошқарувидаги Isuzu юк машинаси юкхонасидан Р.Б. тегишли 150 қоп аммиакли селитра минерал ўғит маҳсулоти аниқланганини маълум қилган. Бу ҳақда ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида Р.Б. автомашинани мусодара қилмаслик ва ишни унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига ходимга пора сифатида 4 миллион сўм пулни таклиф этгани маълум бўлган.
Ушбу билдирги юзасидан 5 февраль куни ИИВ хавфсизлик бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бўлими, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Муборак тумани бўлими ва Муборак тумани прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир натижасида Р.Б. пора сифатида 3 миллион 819 минг сўм пулни ходимнинг хизмат хонасида унга берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 6 февраль куни жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)