Фарғона вилоят солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га бошқарма матбуот хизмати маълум қилди.
Солиқ бошқармаси ходимлари томонидан Фарғона шаҳри марказидаги «Марказ» (номи ўзгартирилган) номли савдо шохобчасида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланишича, мазкур шохобча озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан биргаликда машҳур алкоголь маҳсулотларини тегишли кирим ҳужжатлари ва акциз маркасиз ўзининг доимий мижозларига етказиб келган. Жумладан, шишаси 600 минг сўм бўлган Маcallан, ўртача 300 минг сўм бўлган Jack Daniel’s вискилари, Hennesy номли коньяк, Baileys номли ликёр каби жаҳонга машҳур спиртли ичимликлар ёхуд «Tigroff», «Российская корона», «Нефть», «Беленькая» каби чет элда ишлаб чиқарилган ароқлар, Jaguar номли энергетик ичимлик, «Давидофф», Esse каби қиммат тамаки маҳсулотларини учратиш мумкин эди.
Тезкор тадбир якунларига кўра, кирим ҳужжати ва акциз маркаси бўлмаган 13 хил турдаги 113 дона қиймати қарийб 16 миллион сўм бўлган спиртлик ичимликлар ҳамда 17 хил турдаги 315 қути 5,5 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари савдога қўйилганлиги аниқланиб, жами 21,5 миллион сўмлик товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида вақтинча сақлаш учун олинди.
Изоҳ (0)