Иссиқкўл вилоятидаги деҳқонлар картошка маҳсулоти кўплиги туфайли унинг нархи арзонлашганидан зарар кўрмоқда, деб хабар берди Knews.
Уларнинг фикрича, бунга Қирғизистон картошкаларини сотиб олишдан воз кечган Ўзбекистон сабабчи.
Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон катта миқдорда картошка сотиб олиши ва уни импорт қилиб олишга тайёр 17 та компаниялар рўйхатини келтирганини маълум қилган. Бунга ишонган иссиқкўллик деҳқонлар кўп миқдорда картошка эккан. Бироқ, Ўзбекистон уларни сотиб олишдан воз кечганлиги учун энди зарар кўрмоқда.
Хабарда айтилишича, шу асосда ўтган йилнинг ноябрь ойида Иссиқкўл вилояти ва «Namangan Universal Savdo Invest» хусусий тадбиркорлар ўртасида икки минг тонна картошка етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Бугунги кунда Қирғизистондан Ўзбекистонга 66 тонна картошка келтирилган.
Ўзбекистон расмийлари эса Қирғизистон билан картошка етказиб бериш бўйича ҳеч қандай шартнома тузмаганини, Қирғизистон шундай таклиф билдирган, лекин уларда картошка нархи қимматлиги сабабли тадбиркорлар Покистондан арзонроқ нархда сотиб олишни йўлга қўйганини айтган.
Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу вазиятга ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Изоҳ (0)