Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан Бектемир ва Яшнобод туманларида тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбир давомида фуқаро Р.Д. «шартли харидор»га хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 75 дона «Протеин» (одам мушакларини бақувват қилувчи биологик фаол қўшимчалар)ни салкам 3 минг долларга сотаётган вақтда қўлга олинган.
Унинг автомобили кўздан кечирилганда машина юкхонасида ҳам яна 30 дона «Протеин» борлиги аниқланган. Жами 105 дона «Протеин»нинг умумий қиймати 25,2 милллион сўмни ташкил этган.
Яшнобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро V.Х.нинг хонадони ҳовлисида божхона расмийлаштирувидан ўтмаган «BMW S1000RR» русумли мототранспортни фойдаланиш мақсадида сақлаётганлиги аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қиймати 15 минг доллар бўлган мототранспорт ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.