Қашқадарёнинг Миришкор туманида Жабуний Кореянинг Luminairetech.Co.Ltd компанияси замонавий ёритгичлар ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш таклифини ўртага ташлашди.
«Айни шу мақсадда Luminaire Technology Co., LTD компаниясининг 10 нафар расмий вакилидан иборат делегация вилоятимизда меҳмон бўлиб турибди, — дейди виоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бекзод Маматқулов. — Асосан кўча ёритгичлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи мазкур компания Миришкорда худди шу йўналишда корхона ташкил этишини режалаштирган. Қатъий келишувга боришдан аввал чет эллик инвесторлар воҳамиздаги шарт-шароит, ишбилармонлик муҳити билан яқиндан танишишни маъқул кўришган. Миришкор туманида келгусида ишга тушиши эҳтимоли бўлган янги корхона қуриш учун мақбул ҳисобланган жойларни ҳам кўздан кечиришган.
Мазкур қўшма корхона мажмуасини барпо этишга старт берилиши муносабати билан вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Корея бизнесменлари билан учрашди. Учрашув давомида мазкур истиқболли лойиҳа самарали амалга ошиши натижасида кўплаб киши доимий иш ўрни билан таъминланиши, ҳудуд саноати янада юксалиши қайд этилди. Учрашув давомида хорижлик ишбилармонлар ўз маҳсулотлари тақдимотини ҳам ўтказишган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу лойиҳа ҳам вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг ўтган йили Корея Республикасига амалга оширган ташрифи маҳсули ҳисобланади. Айнан шу ташриф чоғида томонлар ҳамкорликни алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олганди.