2019 йил 1 февралидан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ҳамда «Тошкент-АERО» ихтисослаштирилган божхона комплексининг бир қатор божхона постларида республикада илк маротаба фронт-офислар ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Фронт офислар фаолият юритишлари учун божхона постларида алоҳида иш жойлари, компьютер техникалари ва бошқа зарур анжомлар мухайё қилинди. Дастлабки босқичда юзлаб номзодлар орасидан танлов асосида 60 га яқин фронт офис хизматчилари саралаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳани ишга тушириш жараёнида Озарбайжон, Грузия, Россия ва Беларусь каби давлатларнинг тажрибалари чуқур ўрганилди.
Фронт-офислар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи махсус шахслар гуруҳи бўлиб, улар ҳудудий божхона бошқармалари билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида фаолият кўрсатади.
Фронт-офис хизматчилари асосан тадбиркорнинг мурожаатлари асосида божхона юк декларациясини тўлдириш ва тадбиркорга ўз ваколати доирасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини таништириш билан шуғулланади.
Бу жараёнда уларга божхона назорати зонасига кириш, божхона масалалари бўйича божхона ходимларидан белгиланган тартибда маслаҳатлар ва маълумотлар олиш ҳуқуқига ҳам эгадир.
Содда қилиб айтганда тадбиркор божхона юк декларациясини тўлдириш учун тўғридан-тўғри фронт-офис хизматчиларига мурожаат қилиб, бу жараёнда зарур бўладиган ҳужжатларни, шунингдек товар кодлари ҳамда божхона қиймати тўғрисида маълумотларни тақдим этса, кифоя.
Бунда фронт-офис хизматчиси декларацияни электрон дастурда тўлдиради. Сўнгра тадбиркор тайёр декларацияни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаган ҳолда тегишли ахборот тизими орқали божхона органларига тақдим қилади.
2018 йилнинг 1 июлига қадар боюжхона юк декларацияларини фақатгина тегишли малака аттестатига эга бўлган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларгина тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқига эга эди. Бу эса тадбиркорлар божхона брокерликги идораларига мурожаат этишга ва бунинг учун озми-кўпми харажат қилишга мажбур бўлар эди.
2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб эса, тадбиркорларга ҳам мустақил равишда божхона юк декларациясини тўлдириш ва божхона органларига тақдим қилиш ҳуқуқи берилди. Лекин барча тадбиркорлар ҳам бу борада бирдек салоҳиятга эга эмаслигини инобатга олсак, фронт офислар фаолияти ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, бизнес вакиллари учун айни муддаодир.
Фронт-офис хизматчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида уларнинг Давлат божхона қўмитаси Божхона институтида 1 ойлик ўқув курсларида малака оширишлари ҳам назарда тутилган.
Дастлабки лойиҳа доирасида божхона юк декларациясини тўлдириш учун тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлар ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисига юкланади. Лойиҳа натижаларидан келиб чиқиб, кейинчалик бошқа ҳудудий божхона бошқармаларида ҳам жорий этилиши назарда тутилган.