Бош прокуратура ҳузуридаги Agrosаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирларида уруғ қадалган майдонларни кўпайтириб кўрсатиш ёки сохта маълумотларни киритиш вилоятда одатга айланганлиги аниқланди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Қашқадарёда 2019 йил ҳосили учун 9409 та фермер хўжалиги томонидан жами 141 минг 800 гектар ер майдонида, шундан 117 минг 300 гектар ғўза қатор орасига, 24 минг 500 гектар очиқ майдонга кузги бошоқли экин экилиб, жами 376 минг тонна дон жамғарилиши режалаштирилган.
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан 2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экишнинг бориши ҳақида ўтган йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра берилган маълумотларда вилоятда 126,7 минг гектар майдонга бошоқли дон экинлари экилганлиги кўрсатилган. Бироқ амалда жами 117,8 минг гектар майдонга бошоқли дон экилганлиги ёки 8,9 минг гектар ер майдонига бошоқли экинлар қадалгани ҳақида сохта маълумотлар киритилганлиги аниқланди.
Хусусан, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Қамаши ва Чироқчи туманларида ғалла экилмаган майдонларга ғалла экилди деб маълумот берилган. Мазкур туманлар қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиқларига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилди.
Изоҳ (0)