Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти томонидан Қашқадарё вилоятида соҳа вакиллари учун сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейида бўлиб ўтаётган ушбу йиғинларда Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, барча туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, профилактика инспекторлари хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда иштирок этмоқда.
Ўқув йиғинига жалб этилган раҳбар ходимларга жойлардаги ички ишлар органларида хизматни тўғри ташкил қилиши учун тизимдаги ислоҳотлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жиноятларнинг олдини олиш ва тезкор фош этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқи ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар берилмоқда.
– Беш кунлик ўқув машғулотлари муассасамиз профессор-ўқитувчилари ҳамда вазирлик соҳавий хизматларининг тажрибали мутахассислари томонидан инновацион педагогик технологиялар ёрдамида олиб борилмоқда, – дейди Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти кафедра бошлиғи, подполковник Акмал Бобоев. – Хусусан, «Ақлий ҳужум», «Блиц-сўров» ва бошқа замонавий интерактив методлардан фойдаланиб, туман ва шаҳарлар кесимида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ айрим масалалар чуқур таҳлил қилинаяпти. Барча ўқув машғулотларида жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги илғор хорижий тажрибалар мисолида уларни амалиётга жорий этиш усуллари муҳокама қилинмоқда. Алоҳида гуруҳда туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган 24 нафар профилактика инспектори билан машғулотлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармасида Истиқболли ёш кадрлар захирасига киритилган ходимлар билан шахсий таркибни бошқариш, раҳбарлик қилиш ва ташкилотчилик қобилиятини шакллантириш, уларнинг билими, касб маҳоратини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ўтказилади.
Сайёр ўқув йиғинида иштирок этган ходимларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилади.
Изоҳ (0)