2019 йил 14 январь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди томонидан уч нафар қизни Қозоғистон Республикасига сотиб юбормоқчи бўлган аёлга нисбатан ҳукм ўқилди, дея хабар беради Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди матбуот хизмати.
Мазкур жиноят иши юзасидан судланувчи Алия Жуманиёзовага нисбатан суриштирув ва тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг «б» банди ва 276-моддасининг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Судланувчи А.Жуманиёзова 2018 йил 31 август куни ўтказилган «Комплекс» махсус профилактик тадбири давомида қўлга олинган. Аниқланишича, у Мирзачўл туманида яшовчи фуқаролар 1994 йилда туғилган Гулруҳ Норқобилова, Жиззах шаҳрида яшовчи 1993 йилда туғилган Моҳира Абдукаримова ва 1992 йилда туғилган Умсуной Эргашеваларни ҳар бирига кунига 70-80 минг қозоқ тенгеси миқдорида иш ҳақларини ваъда қилиб, уларга Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳрида фоҳишалик қилишни таклиф қилиб, уларни жуда кўп миқдорида пул ишлаб топишларига ишонтириб, Тошкент вилояти, Тошкент туманида жойлашган «Ғишт кўприк» чегара блок пости орқали Қозоғистон Республикасига ўтказиб юбормоқчи бўлган.
Шундай қилиб суд А.Жуманиёзованинг қилмишини атрофлича ўрганиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Шунингдек, судланувчи А.Жуманиёзовага оммавий тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Андижон вилояти Андижон шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, алоқа воситаларидан фойдаланмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби тақиқлар қўйилган.
Судланувчи ўзига нисбатан ўрнатилган тақиқларни бузган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ЖК 481-моддасига асосан қўлланилган жазо бошқа оғирроқ турдаги жазога алмаштирилиши тўғрисида огоҳлантирилган.
Изоҳ (0)