Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2019 йилги солиқ сиёсатидаги янгиликлар мазмун-моҳиятини Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти солиқ тўловчиларига етказиш мақсадида «Ўзэкспомарказ» мажмуасида 15—18 январь кунлари кўргазмали семинар ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар берди.
Семинарда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Молия вазирлиги, Бош прокуратура, Божхона қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ҳамда 1080 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Солиқ тўловчиларга солиқ тизимидаги янгиликлар 90 та стенд ҳамда мавзуга оид 10 та видеоролик ёрдамида тушунтирилди. 40 турдаги жами 4600 та буклетлар тарқатилди.
Солиқ тўловчилардан тушган 74 та саволларга батафсил жавоблар берилди.
Шунингдек, семинарда хорижлик ҳамкорлар учун алоҳида павилон ташкил қилиниб, унда хорижий давлатларнинг 14 та элчихонаси вакиллари иштирок этди. Семинарда Жаҳон банки ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг 2018 йилдаги натижалари ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Тўрт кунлик кўргазмали семинар ўз ишини давом эттирмоқда ва унда жами 5000 га яқин солиқ тўловчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Солиқ тўловчилар томонидан семинарлар давомида бериладиган барча саволларга soliq.uz расмий сайтида тўлиқ жавоблар тақдим этилади.
Изоҳ (0)