Тошкент давлат аграр университетига Миссисипи штати университети (МШУ)дан экспертлар – МШУ халқаро алоқалар институти директори Жули Жордан, МШУ Сув ресурслари илмий тадқиқот институти директори Жейсон Круц ташриф буюрди, деб ёзади ЎзА.
Хорижлик меҳмонлар ташриф давомида ТошДАУнинг ўқув тажриба станцияси, ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш, пахтачилик ва ғаллачилик лабораториясидаги янгиликлар билан танишди. Шунингдек, хорижлик меҳмонлар университетнинг «Қўшма таълим» дастури асосида таълим олаётган талаба ва магистрлар билан учрашди.
Ташриф доирасида икки университет ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашувини амалга ошириш, икки томонлама диплом бериш қўшма дастурларини жорий этиш, МШУнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етук профессор-ўқитувчиларнинг ўзбекистонлик талабаларига маърузалар ўқишларини жорий этишга келишиб олинди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетида Миссисипи штати университетининг филиалини очиш режалаштирилмоқда.
Февраль ойида Миссисипи штати университетига Тошкент давлат аграр университети вакиллари боради. Ана шу сафар чоғида икки университет ўртасида шартнома ва «йўл харита»сини имзолашга келишиб олинди.
Изоҳ (0)