Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, бензин, дизел ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Бунда бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ аксиз солиғи объектига киритилди.
Солиқ имтиёзлари алоҳида ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ҳам назарда тутилиши мумкин. Илгари имтиёзлар фақат Солиқ кодексида, қонунларда ҳамда Президент қарорларида белгиланган.
Эндиликда йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади. Илгари солиқ ҳисоботи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларига тақдим этилган.
Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган суммани бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига, бошқа турдаги солиқлар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ёки бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш Молия вазирлиги ғазначилиги томонидан амалга оширилади. Илгари ушбу ҳаракат тегишли молия органлари томонидан амалга оширилган.
Қонун 2019 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Изоҳ (0)