2017 йилнинг 10 январь куни «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган эди.
Ўша пайтда масъул тузилмалар Қонун ижросини таъминлашга тайёр эмаслиги, бунинг учун вақт ва зарур маблағлар талаб этилиши боис, унинг амалга кириш муддати 2019 йил 10 январь этиб белгиланган эди. Хўш, Қонуннинг кучга киришига бир ойдан кам вақт қолди, тайёргарлик ниҳоясига етказилдими?
«Дарё» мухбири Севара Нишонованинг хабар беришича, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев мутасаддилар томонидан юқоридаги қонун ижроси суст таъминланаётганини танқид қилди.
«Қонун кучга киргунига қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастурга асосан маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар биноларини қуриш ва реконструкция қилиш лозим эди.
Бугунги кунда зарур маблағлар ажратилганига қарамай, мазкур муассасаларни қуриш ишлари мамлакат бўйича 20 фоизга ҳам бажарилмаган.
Айниқса, Бухоро вилоятида қурилиш ва реконструкция ишлари 30, Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда 25, Навоийда 15, Тошкент вилоятида эса, 10 фоизга бажарилганини қандай изоҳлаш мумкин?!
Ушбу муассасаларни малакали кадрлар, жиҳозлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш ишларидаги сусткашликни эса изоҳлашга ҳожат йўқ, деб ҳисоблаймиз.
Қонунга бўлган бундай муносабатдан кейин унинг ижроси ҳақида гапириш мумкинми?Умуман, мутасаддилар икки йил давомида Қонун ижросига тайёргарлик кўриш бўйича нима иш қилинди, деган саволга қандай жавоб берадилар?!», — дейди Сенат раиси.
Изоҳ (0)