Тошкент шаҳридаги Crafers фабрикаси жорий йилнинг 11 декабрида биринчи экспортини амалга оширди. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиқлари остидаги ширинликларнинг дастлабки харидори қўшни Қирғизистон Республикаси бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бу ҳақида Тошкент шаҳар прокуратураси ва Тошкент шаҳар божхона бошқармаси билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган медиа-турда маълум қилинди. Журналистлар тадбирда фабрика фаолияти, у ерда ишчиларга яратилган шарт-шароитлар, қулайлик ва имкониятлар билан яқиндан танишди.
Шоколад, конфет, печенье, вафли каби 42 турдаги маҳсулот тайёрланаётган корхона жорий йил 5 октябрда ишга туширилган. 32 гектар майдонга эга корхонага Германия, Швейцария, Дания, Италия, Австрия ва Голландиядан технологиялар келтириб ўрнатилган. Корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.
– Жорий йилнинг охирига қадар 100 тонна маҳсулот экспорт қилишни режалаштирганмиз, – дейди корхона раҳбари Азизxoн Амилов. – Бугун гувоҳи бўлганингиздек, Қирғизистонга дастлабки экспортимизни амалга оширдик. Кейинги йилдан бошлаб Қирғизистондан ташқари Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон давлатларига экспорт қилишни йўлга қўямиз. Лекин энг асосий мақсадимиз, аввало, сифатли маҳсулотларимиз билан ички бозорни таъминлаш, жонажон халқимиз эътиборига жаҳон талабларига мос ширинликлар етказиб, уларнинг розилигини олишдир.
Изоҳ (0)