Таҳририятга Андижон туманида истиқомат қилувчи 59 ёшли Зайнобиддин ака Алиев мурожаат қилиб, бир неча йилдан буён 1-гуруҳ ногирони бўлган ўғли Авазбек Алиевга уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларга Президент совғаси сифатида берилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги арзон уйлардан олишда ёрдам кўрсатишини сўраб бир қанча давлат ташкилотлари эшигини тақиллатгани, аммо ҳар доим мутасаддиларнинг қуруқ ваъдаларига ишониб, кун кечиришаётганини куйиниб таъкидлади. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов мазкур масала бўйича журналистик суриштирув олиб борди.
Бахтсиз ҳодисанинг мўъжизаси
Зайнобиддин ака билан қўнғироқ орқали боғланиб, у истиқомат қиладиган ҳудуд — вилоятнинг Эски шаҳар ҳудудидан 14 километр узоқликда жойлашган Бўтақара қишлоғидаги Бешпаҳлавон маҳалласи томон йўл олдик. Дарвозадан ҳатлар эканмиз, бизга пешвоз чиққан Авазбек Алиевнинг ҳолати — бир қўли ва бир оёғида ҳассага таяниб ҳаракатланиши эътиборимизни тортди.
Хонадон бошлиғининг таъкидлашича, Авазбек оилада 7 нафар фарзанд – беш ўғил ва икки қизнинг тўртинчиси. У 13 ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли чап қўли ва чап оёғидан айрилган. Аниқроғи, у кўплаб қишлоқ фарзандлари сингари уйдагиларга ёрдам бериш мақсадида мол-қўйларни боқиб келиш учун ўртоқлари билан кенгликлар томон отланади. Айни қизиққон ёшда бўлганлиги туфайли сим ёғоч (столба) учидаги кабутарларни ушлаш истаги унга тинчлик бермайди. Иштиёқи ортиб бораётган болакай миясида айланаётган фикрларни амалга оширмоқчи бўлади. Қушлар унинг ҳаракатини кўриб, учиб кетишади, Авазбек эса электр симини ушлаб олади ва кучли ток уриши натижасида ҳушидан кетиб, ерга йиқилади. Хайрият, мўъжиза юз бериб, унинг жони омон қолади.
Мактабни уй синфида ўқиб тамомлаган Авазбек 2013 йилдан бошлаб спортнинг сузиш тури билан шуғулланишни мақсад қилди. Саломатлигини тиклаш ўз қўлида эканлигини чуқур англаб, Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатидаги тажрибали мураббийлар - Мурод ва Нодир Абдуллаевдан сузиш сирларини ўрганди. Машғулотлар давомидаги хатти-ҳаракатлари, интилишларини кўрган устозлари уни турли мусобақаларга олиб борди. 2014, 2015 ва 2016 йилларда Паралимпия спортчилари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида турли ўринларни қўлга киритди. 2015 йилда Россия Федерациясининг Сочи шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида сертификат билан тақдирланди. Бугунга келиб спорт унинг ҳаёт мазмунига айланган.
«Сарсон юравериб зерикдик»
Малоҳатхон Алиева, Авазбек Алиевнинг онаси:— Зайнобиддин акангиз туман ободонлаштириш бўлимида ишлайди, маҳалламиздаги «Гўдак мозор» қабристони қоровули. Мен эса уйда ўтираман. Тўнғич фарзандимиз Зиёҳиддинни янги уй солиб, олиб чиққанмиз. 11 сотихли бу хонадонда эса иккинчи ўғлим Азизбек ва Авазбек оиласи билан яшашади. 27 ва 20 ёшли ўғилларим, 23 ёшли қизимни ҳам тўйини қилишимиз керак. Ҳаммасининг бўйи етган. Ўғилларимни уйлайлик десак, уй етишмайди. Ер харид қилиб, уй солишга имкониятимиз ҳам, қурбимиз ҳам етарли эмас. Авазбекка ногиронлар учун имтиёзли кредит сифатида берилаётган уйлардан олиш ниятида бир қанча ташкилотларга бордик. Улар ўғлимни ҳолатини кўра, била туриб, бирор ёрдам бергиси келмаслигидан ажабландик ва бундан жуда чарчадик ҳам. Агар Авазбекни тўрт мучаси соғ бўлганида, ташкилотма-ташкилот юриб, сарғайиб, сарсон бўлмасдик. Уч йилдан бери шу мақсадда югуриб юрибмиз, аммо бирор ижобий натижа йўқ. «Сизларда қандай муаммо бор?», деб эшигимизни тақиллатадиган давлат ташкилоти ходимларига ҳам ишончимиз йўқолган, уларнинг чучварасини хом санашдан зерикдик. Ҳар гал уй масаласини айтамиз, ёзиб кетишади, лекин бир тайинли жавоб олмаймиз. Охири уларга «Сизлар одамларни қийнаётган масалани номига ёзиб юрасизларми? Бизни муаммога ҳеч қўл чўзмадиларингиз», дея уришиб берадиган бўлдим.
«Туман ҳокими ‘ҳомий бўламан’ деганди»
Назирахон Алиева, Авазбек Алиевнинг рафиқаси:— Қайнонам иккимизнинг уй-жой масаласида ёрдам сўраб, бормаган ташкилотимиз қолмади ҳисоб. Охири Президент порталига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Икки марта ёзган аризамга туман ҳокимлигидагиларнинг ўзлари чиройли жавоб ёзворишибди. Бундан кейинроқ хабар топдик. Учинчи бор ёзганимдан сўнг маҳалламиз маслаҳатчиси Муяссар опа мени туман хотин-қизлар қўмитасига олиб борди. У ерда Муҳайё исмли қиз билан суҳбатлашиб, бор шароитларни айтдим. Аввалига улар бу ишни босди-босди қилиб юборишларини таъкидлашди. Бундан ҳайрон бўлиб, эримни ҳолатига раҳмлари келишини сўрадим. Шундан кейин бу йил уй олувчилар рўйхати тайёрлигини, керакли ҳужжатларни тўплаб олиб боришим ва у комиссия томонидан тасдиқланса, сўнг 2019 йилда уй беришлари мумкинлигини айтди. Бу фикрларни ҳам иккиланиб айтганига ишонгим келмай, яна қуруқ ваъдаларни эшитаётгандек эдим. Эрта баҳорда туман ҳокимининг шахсан ўзи уйимизга келиб, турмуш ўртоғимнинг ҳолатини кўрган ва «Ўзим сизларга ҳомий бўламан», дея ваъда берганди. Орадан бир қанча муддат ўтиб, эр-хотин ҳоким ҳузурига бордик ва ўзимизни таништириб, хонадонимиздаги учрашув, айтган фикрларини ёдига солдик. Аммо ёрдам бермаслигини айтиб, бизни ҳайрон қолдирди. Ўғлимиз Исломбек 8 ойлик бўлди. Унга ҳалигача нафақа пули олмаймиз. Маҳалла котиби Сапура опага кўп бора илтимос қилдик. Бироқ у ҳам турли баҳоналарни рўкач қилаяпти. Турмуш ўртоғим 1-гуруҳ ногирони ва 350 минг сўм нафақа олади. Лекин унинг бу маблағи ўзининг кийим-боши ва ҳар кунги йўл кирасига кетади. Қорамол ва товуқ олиш ниятида «Микрокредитбанк»нинг туман бўлимига кредит масаласи билан юзландик. Лекин бу уринишимиз ҳам ижобий ечим топмади. Умид билан давлат ташкилотлари раҳбарларини олдига боряпмизу, аммо амалий кўмак йўқлиги боис уларга бўлган ишончимиз ҳам йўқоляпти.
«Кредитни ҳам амаллаб узардик»
Авазбек Алиев:— Спортсиз бир кунимни ҳам тасаввур қилолмайман. Қишда ҳам, ёзда ҳам Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига бориб, кунига ўртача 4 соат сузиш билан шуғулланаман. Агар сузишга жиддий киришмаганимда балки бугун бир жойда ётадиган бўлиб қолармидим. Негаки, сузиш менга куч, тетиклик бағишлайди. Ўзимни журъатли ҳис қиламан, саломатлигимга фойдаси катта. Айни пайтда 5 йиллик қадрдонимга айланган сузиш биноси таъмирланаётганлиги туфайли августдан бери дўстим Рустам билан бирга ҳафтада беш кун Фарғона ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига машғулотларга қатнаяпмиз. Кунига 15 минг сўм маблағ кетади. Мураббийларим ҳам имкон қадар моддий томонлама ёрдам бериб туришади. Агарда Президентимиз томонидан имконияти чекланганларга имтиёзли кредит сифатида берилаётган уй-жойдан берилса, кредитни ҳам бир амаллаб тўлаб олардик. Ҳолатимни кўриб, ёрдам беришни пайсалга солаётганлардан баъзан қаттиқ хафа ҳам бўламан.
«Ҳақиқатан уйга муҳтож»
Сапурахон Абдусатторова, Бешпаҳлавон МФЙ котиби:— Ҳақиқатдан Назирахон Алиева бир неча ой олдин 2 ёшга тўлгунга қадар бериладиган нафақа пулини тайинлашда ёрдам сўраб, ҳужжатлар тайёрлаган. Аммо туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг мазкур масалага масъул ходими билан кўчама-кўча юриб, мурожаатчиларнинг оилавий шароитини ўрганганмиз ва Алиевлар хонадонида вояга етганлар кўплиги боис, белгиланган мезонларга тўғри келмаган. Шу боис рад жавоби берилган. Эрта-индин Лазизбек исмли бошқа ходимнинг яна ўрганиш ишларини олиб бориш учун маҳалламизга келиши режалаштирилган. Бу сафар бу хонадоннинг иқтисодий аҳволини чуқурроқ ўрганиб, имкон қадар нафақа тайинлашга ҳаракат қиламиз. Бу хонадон серфарзанд оила бўлганлиги сабабли Авазбекка чиндан ҳам уй берилиши тарафдориман. Унинг имконияти чекланган, лекин ҳаракатчан йигит.
Мутасаддилар, қачон уйғонасиз?
Суриштирув давомида туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодирахон Зокирова ҳузурига бордик. Унинг бошқа масалада бир жойга кетганлигини таъкидлаган бош мутахассис Муҳайёхон Ҳайдаровага мақсадимизни тушунтирдик. У эса бу ҳолатдан хабари борлигини, Авазбек Алиевнинг рафиқасига ҳужжатларни тайёрлаб келиши ва уларнинг барча маълумотлари мезон талабларига тўғри келса, сўнггина уй берилиши мумкинлигини айтганлигини таъкидлади. Бешпаҳлавон МФЙ раиси Рустамбек Ҳурбоев, МФЙ маслаҳатчиси ва котиблари ҳам бу оиланинг барча ҳолатидан хабардор эканликларини, Авазбекнинг чиндан уйга муҳтожлигини айтишди.Хуллас, Андижон туманининг олис қишлоғидан бир олам таассурот ва ҳайратлар билан қайтдик. Туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг шахсан ўзи Авазбекнинг хонадонига бориб, аҳволи, турмуш тарзи билан яқиндан танишгани, унга «ҳомийлик қиламан» деганию, сўнг бу фикрига амал қилмагани бизни таажжубга солди. Бу гаплар вазиятдан тезроқ чиқиб кетиш учун айтилганмиди ёки имконияти чекланган бу йигитни вақтинча овунтириш учунми? Наҳотки, туман ташкилотлари раҳбарлари орасида шу ҳолатида ҳам интилаётган, спорт соҳасида оламшумул бўлмаса-да, бир қанча ютуқларга эришиб келаётган Авазбекнинг тақдирига қизиқадиган, унга ёрдам қўлини чўзадиганлар бўлмаса? Ёшлар иттифоқи вакиллари бу масалада қўл қовуштириб ўтирмасдан, кўмак беришса бўлмасмикин ёки улар туманда бундай йигит борлигидан бехабарми? Хонадон дарвозасини тақиллатиб, оила аъзолар дарду ҳасратини дафтар четига ёзиб кетишдан чарчамайдиган мутасадди ташкилот раҳбарлари қачонгача шундай ҳаракатланади?
Ўйлаймизки, туман ҳокимлиги вакиллари мазкур масалага жиддийроқ ёндашиб, албатта, амалий ишлар бажаришади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Изоҳ (0)