27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов Тожикистон республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Абдуманнон Холиқзода бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув 2018 йилнинг 18 август куни Адлия вазирликлар ўртасида имзоланган икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишув доирасида ташкил этилди.
Томонлар давлатнинг ҳуқуқий сиёсатини шакллантириш, адлия органлари, нотариус ва адвокатлар фаолиятини ташкил этиш, ҳуқуқ соҳасидаги кадрлар алмашиш, тайёрлаш ҳамда уларнинг малакаларини ошириш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан вазирлик вазифалари ва функциялари, давлат хизматларини тақдим этиш, ҳуқуқий тарғибот, шунингдек нотариат ва адвокатуранинг координацияси борасида фаолиятни ўз ичига олган тақдимот ўтказилди.
Абдуманнон Холиқзода томонидан Ўзбекистонда қонун ижодкорлиги ва устуворлиги, адлия, давлат хизматлари, нотариат ва адвокатура институтлари фаолиятидаги ўзгаришлар ва ислоҳотларга юқори баҳо берилди.
Тожикистон Адлия вазирлигининг Ўзбекистонга ташрифи 1 декабрга қадар давом этади. Делегация ташриф давомида Бухоро ва Самарқандга ташриф буюриб, Бухоро давлат хизматлари Маркази, Самарқанд нотариал идора ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишади.
Изоҳ (0)