Украина президенти Пётр Порошенко 2018 йилда қўшимча равишда Prime Assets Capital Investitsion жамғармасидан олинган 60 миллион гривенни (2,15 миллион доллардан ортиқ) декларация қилган. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.
Хабар берилишича, жорий йилнинг бошидан президентнинг жамғармадан олган даромадлари 44,7 миллион гривенни ташкил қилган.
Бундан ташқари, Порошенко январь ойидан буён Молия вазирлигидан қимматли қоғозлар ва корпоратив ҳуқуқлар тасарруфи учун 28,8 миллион гривенни, Халқаро инвестицион банкдаги омонатларидан фоиз кўринишидаги 12,4 миллион гривенни ва кўчмас мулк сотишдан 0,8 миллион гривенни декларация қилган.
Шу тариқа Украина президентининг 2018 йил бошидан буён декларация қилган даромадларининг умумий миқдори 186,7 миллион гривенни (6,69 миллион доллардан ортиқ) ташкил қилган. Бу сумма 2017 йилдагига қараганда 11,5 марта кўп ҳисобланади. Ўтган йили у 16,3 миллион гривенни декларация қилган.
Изоҳ (0)