Ўзбекистон Венгрия билан ички ишлар соҳасида ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Келтирилишича, Ўзбекистон ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги делегация шу йилнинг 16-19 июль кунлари расмий ташриф билан Венгрияда бўлди.
Ташриф доирасида Венгрия ички ишлар вазири Шандор Пинтер билан музокаралар ўтказилди. Мулоқот давомида томонлар ички ва рақамли хавфсизлик, жиноятчиликка қарши кураш, киберхавфсизлик ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади.
Қайд этилишича, тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма таълим ташаббуслари истиқболлари муҳокама қилинди. Терроризм, наркотрафик, кибержиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, миграция жараёнларини тартибга солиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Венгрия томони Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ хавфсизлик даражасини юқори баҳолади ва ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида муҳим йўналишлар бўйича аниқ қўшма лойиҳа ва тадбирларни кўзда тутувчи 2025—2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” имзоланди. Ўзбекистон ички ишлар вазири Венгрия ички ишлар вазирини мамлакатга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.
Ўзбекистон ва Венгрия вагонсозлик соҳасида биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилган. Унинг қайд этишича, ўрта (Транскаспий) коридор очилиши, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилиши инвесторларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик ўрни муҳим эканлигини тушуниш имконини бермоқда. Венгрия томони билан инфратузилма яратиш ва хизматларни ташкил этишда ҳамкорлик қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланди.
Венгриялик инвесторлар билан Ўзбекистон ҳудудида логистика марказларини қуриш ва уларни ривожлантириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)