17 ноябрь куни бутун Франция бўйлаб бензин ва дизел ёқилғи нархлари ошганлигига қарши акциялар бўлиб ўтди. Маҳаллий ИИВ маълумотларига қараганда, норозилик намойишларига 282 мингдан ортиқ аҳоли чиқди, деб ёзади TJournal.
Акция иштирокчиларидан бири ҳалок бўлди. Намойишчилар қизини шифохонага олиб бораётган маҳаллий фуқаронинг йўлини тўсишга уринган. Аёл ваҳимага тушиб, газни босган ва 63 ёшли аёлни босиб кетган.
Бундан ташқари, тўқнашувлар давомида 227 нафардан ортиқ одам жабрланган. Улардан етти нафари жиддий жароҳат олган. Полиция 52 кишини ҳибсга олган.
Намойиш иштирокчилари мамлакатнинг амалдаги президенти Эммануэль Макронни истеъфога чиқишга чақирди.
Ҳозир Францияда бир литр бензин 1,7 евродан ортиқ туради. Дизел ёқилғисининг литри одатда 1,4—1,5 еврога тушади. Турли ОАВлари маълумотларига кўра, бир йил давомида бензин 7—15 фоиз, дизель ёқилғиси 15—25 фоизга қимматлашди. Франция ҳукумати, 2019 йилнинг бошида юз берадиган яна бир нарх ошиши ҳақида эълон қилди.
Изоҳ (0)