Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида жанговар тайёргарлик машғулотларини ўтказишда янгича усуллар қўлланилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Реал жанговар шароитга яқинлаштирилган машқлар давомида шартли душман томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳаракатлар инобатга олиниб, уларга қарши ҳужумлар уюштирилди.
«Шахсий таркибининг машғулотлари қуролли тўқнашувларнинг ўзгариб бораётган йўналишларини ҳисобга олган ҳолда ташкиллаштирилмоқда. Чуқур изланишлар натижасида мутахассисликлар таркиби, ҳарбий фанларни ўқитишнинг метод ва технологиялари ҳамда ўқув дастурлари доимий тарзда янгиланяпти», — дейди мутахассис офицер Шавкат Нормирзаев.
Ҳарбий хизматчилар тактик ўқувларда шахсий таркибнинг яшовчанлигини ошириш, топшириқларни минимал йўқотишлар билан бажариш, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани моҳирона қўллаш усулларини такомиллаштириш бўйича ўқув топшириқларни бажарди.
Таъкидланишича, бу каби машғулотлар Ўзбекистоннинг ўтиш қийин бўлган тоғли ва чўл ҳудудларида жанговар вазифаларни бажариш, белгиланган ҳудудларни тезкорлик билан босиб ўтиш ва қисқа вақт ичида жанговар қобилиятни тиклаш борасида мунтазам ташкил этилмоқда.
Изоҳ (0)