«Коррупция» сўзи бугун афсуски, энг кўп ишлатиладиган сўзларимиз қаторидан жой эгаллаб улгурган. Чунки ижтимоий ҳаётда унинг домига дуч келганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. ЎзА Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Исломжон Зокировнинг коррупция борасидаги фикрларини келтирди.
Тез-тез эшитиб қолаётганимиз: болалар боғчасидан то олий даргоҳгача, қоровулдан то ҳокимларгача, айбдордан то қозигача бу иллат қурбони бўлиб кетсалар-у, чеки узилмаса-я...
Бир фуқаронинг интернетда «Ҳатто коррупцияга қарши курашадиган жойларда ҳам коррупция бор», дея қолдирган пости кишини ўйлантириб қўяди ва беихтиёр Имом ал-Бухорий ҳазратларининг Ал-жоми’ ас-саҳиҳ асарида «Одамларга шундай замон келадики, инсон ўз топган молу дунёсини ҳалол йўл бирлан топдими ёки ҳаром йўл бирлан топдими, иши бўлмай қўяди», дейилгани ёки 17-аср уламоларидан бири Томас Гоббснинг «Коррупция – даврлар оша ўсиб келаётган илдиз бўлиб, у ҳар хил орзу-ҳаваслар ортидан бирортаям қонунни менсимасликдир», деган фикрини исботламоқда.
Давлат ва дин қораласа, қонунларимизда коррупцияга қарши нормаларнинг мавжудлиги, қолаверса, ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштириб боришнинг зарурати бу иллат ҳамон давлат ва жамият обрўсига путур етказиб келаётганлигидан далолат беради.
Сингапур ҳозирги пайтда коррупциянинг йўқлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича дунё рейтингларида етакчи ўринларни эгаллаган, қатъий авторитар давлат номини олишига «Виждонли бўлиш ва сотилмаслик» тамойили сабаб бўлган. Сингапур мисоли сиёсий ирода, коррупцияга қарши самарали қонунчилик ва сотилмайдиган мустақил агентлик (Коррупция ҳолатлари юзасидан суриштирув олиб бориш бюроси) бир неча йил ичида коррупцияни жуда паст даражага туширишга қодир эканлигини кўрсатди. Бу давлатдаги асосий ислоҳотлар судьяларнинг ойлигини кескин оширишга (1990 йилда 1 млн. доллар), судьялик лавозимига энг яхши адвокатлар жалб этишга қаратилди. Мафия гуруҳлари шафқатсизлик билан йўқ қилинди. Масъулиятли лавозимларни эгаллаб турган давлат хизматчиларининг маоши хусусий корпорациялар топ-менежерлариники даражасигача оширилди.
Ҳозирда порахўрлик учун қўлланиладиган Хитойдаги жазо тури бошқа ҳеч бир давлатда бўлмаслиги табиий. У ерда бундай жиноят жиддий саналиб, жиноятчига нисбатан қатл жазоси белгиланади. Порахўрнинг қариндошларига эса у отиб ўлдирилган ўқ учун тўлов-ҳисоб варақаси юборилади.
Тадқиқотлар кўрсатадики, ҳар қандай иллатга барҳам беришда самарали восита – бу иллатни ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашишдир.
Ўзбекистон ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Сўнгги йилларда, бу иллатга қарши кураш бўйича аниқ мақсадли стратегия белгиланди. Жумладан, 2017 йилда «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам жамиятимизда бу иллатга қарши курашнинг янги босқичини белгилаб берди.
Шу ўринда қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этишда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Булар:
- ОАВнинг шу йўналишдаги фаолиятини янада ривожлантириш, коррупция ҳолатларини аниқлаш, оқибатларини ёритиш борасидаги фаолиятини рағбатлантириб бориш механизмини жорий этиш, Олий Мажлис палаталарида Қўмиталар, Фракциялар йиғилишлари, Ялпи Мажлислари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг барча даражадаги тузилмаларида бўлаётган йиғилишларида ОАВларининг чекловларсиз иштирок этишини кафолатлаш;
- аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлашни энг долзарб масаласи ҳисобланган «Истеъмол саватчаси»ни жорий этишни тезлаштириш;
- диний уламоларимиз масжид ва мадрасаларда мунтазам равишда коррупция ва унинг салбий оқибатлари хусусида тарғиботлар олиб бориш;
- «Коррупциядан холи ҳудуд» номинацияси бўйича кенг жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўровлар ташкил этиш орқали, танловлар ўтказиш;
- олимлар, тадқиқотчилар ва изланувчиларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш механизмини ривожлантириш, инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш;
- аҳоли томонидан энг кўп мурожаат этиладиган жабҳалар, хусусан, коррупция аломатлари бўлиши мумкин бўлган тармоқларда кафолатланган шаффоф электрон тизимни жорий этиш. Масалан, навбатларнинг электрон шаклини яратиш ва мунтазамлигини таъминлаш.
Изоҳ (0)